20 апрель куни «Абу Мусо Муҳаммад ат-Термизий» тарихий кинофильмининг премьераси бўлиб ўтди.
Тўғри, (аниқроғи, «афсуски») фильм сеансларига навбат қориноғриқ ҳазилдан бошқасига ярамайдиган фильмлар ёки Мурат Йилдирим иштирокидаги эпизод билан шов-шувга эришган «Скорпион»даги каби узундан-узоқ эмас. Рекламаси ҳам ҳамма жойда айланавериб, меъдани қайнатгани йўқ. Ҳайбатидан дев ҳуркадиган реклама баннерларининг овозаси дунёни тутмади.
Шунга қарамай, тарихий-биографик йўналишдаги мазкур фильм бир ярим соат давомида томошабинни зериктирмасдан ушлаб қола олади. Абдухалил Мигноров сценарийси ва постановкаси асосидаги «Абу Мусо Муҳаммад ат-Термизий» фильми ҳали ўзбек кинематографияси буткул «ўлмаганини» кўрсатди, дейиш мумкин.
Фильм ҳадис илмида Имом Бухорийдан кейинги энг аҳамиятли шахс ҳисобланган ат-Термизийнинг ҳаёт йўлига бағишланган. Унинг илм олиши, ноёб хотирага эгалиги, замонасининг буюклари билан учрашуви, фитналарга рўбарў бўлиши киноасар фабуласини ташкил этади.
Имом Термизий номи билан муҳаддис сифатида танилган Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳоқ Абу Исо ас-Сулламий аз-Зарийр ал-Буғий ат-Термизий милодий 824-892 йилларда яшаб ўтган. Сулламий деб нисбат берилишига сабаб аждодларидан бири арабларнинг суллам қабиласи билан дўст тутинганидир. Тарихий манбаларга кўра, Буғ қишлоғида вафот этгани учун унинг номига ал-Буғий нисбати ҳам қўшилган, олим кўп йиғлаганидан умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолгач, аз-Зарийр (кўзи ожиз) тахаллусини олгани ҳам айтилади. Дастлабки илм олиш даври Термиз шаҳрида ўтгани учун унга халқ орасида энг оммалашган ат-Термизий номи берилган. Термиз, Самарқанд ва Балхда дастлабки билимларни эгаллаб, Ҳижоз, Ироқ ва Хуросоннинг бир қатор шаҳарларида ўз даврининг етук алломаларидан сабоқ олади. Умрини ҳадис тўплашга бағишлайди. Турли манбалардан эшитган ҳадисларини саҳиҳ (тўғри, ишончли), ҳасан (яхши, маъқул), заиф (бўш, ишончсиз), ғарийб (ғалати) каби хилларга ажратади.
Ҳадис илмига бағишланган «Ал-Жомиъ» асари ижодининг энг йирик намунаси ҳисобланади.
Фильм ҳақида бир нарса дейиш мумкин: унда панд-насиҳат руҳи сезилмайди. Ҳамма воқеалар ўта содда ва самимий, ортиқча пафосдан холи тарзда кўрсатилади. Воқеалар марказида турган ат-Термизий шахсига нисбатан улуғлаш, кўкка кўтариш, кўпгина тарихий асарларда кузатиладиган илоҳийлаштириш кайфияти сезилмайди.
Воқеаларнинг баён услуби шундай тузилганки, ортиқча таъкидсиз томошабиннинг ўзи керакли хулосаларни чиқара олади.
Шогирдларидан бири ҳадис кўчириш чоғида хатога йўл қўйганида уни шунчаки тузатиб қўймасдан, қайта кўчиришни буюради. Шогирд боланинг қоғоз исрофи ҳақидаги гапига эса «агар бир ўринда хато қилиб, кейин уни шунчаки тўғрилаб қўйсак, одамлар ҳадис илмида ҳам хато қилиш мумкин экан, деган ўйга боради», дея жавоб беради.

















