Телеканалларимиздан бирида диний аҳкомлардан бири кулги қилингани ижтимоий тармоқларда мунозараларга сабаб бўлди. Баъзилар телевидениечиларнинг ёнини олиб, сўз эркинлигига ишора қилган бўлишса, бошқалар бундай масалаларга бу каби ёндашув ножоизлигини таъкидлашди. Мавзу кўпчиликни бефарқ қолдирмади ва унга ҳатто чет элда ишлайдиган баъзи ёш ўзбек олимлари томонидан муносабат билдирилиб, улар вазиятга ғарб тамойилларидан келиб чиққан ҳолда баҳо беришга уринишди. 

Илмий ёндашув эҳтиёжи

Ғарб халқларининг дунёқараши ва мусулмон халқларининг дунёқараши – бу иккисининг ўртасида муайян фарқлар мавжуд бўлиб, мазкур фарқларни билиш, тасниф ва таҳлил қилиш ижтимоий воқелигимиз тақозо қилиб турган вазифадир. Ҳар бир соҳада илмий ёндашув шарт бўлганидек, мазкур нозик соҳага ҳам шундай – илмий ёндашув лозим.

Дунёқарашлар орасидаги тафовутни ҳисобга олмасдан бирининг унсурларини бошқасига кўр-кўрона, ўрганишсиз, тадқиқсиз ўтказиш масъулиятсизлик ва ноилмий ёндашувга мисол бўла олади. Илмий ёндашув бу ерда қандай бўлади?

Ижтимоий (жамиятга доир) масалалар кўрилаётганда халқнинг маънавий концепцияси – дунёқарашига оид жиҳатлари атрофлича ўрганилиши, таҳлил қилиниши ва ҳисобга олиниши лозим. Бизнинг ҳолатимизда халқимизнинг чуқур, минг йиллик қадриятлар таъсирида ҳосил бўлган дунёқараш парадигмасини тадқиқ қилиш, ҳисобга олиш, сўнг мулоҳаза қилиш – масалага айнан илмий ёндашиш бўлади.

Ҳўлни қуруқдан ажратиб олиш эҳтиёжи

Халқимиз онгида ислоҳ бўлиши керак бўлган нарсалар кўп. Аммо ўша – ислоҳ бўлиши лозим бўлган нарсалар нима, деган саволга тадқиқотсиз жавоб бериб бўлмайди. Бинобарин тадқиқсиз ҳеч нарсани ислоҳ қилиб ҳам бўлмайди.

«Ислоҳ» тузатиш дегани, демакки «ислоҳ» тушунчаси зарар келтираётган нарсани зарарсизлантиришни назарда тутади. Жамиятга зарар келтираётган тушунчаларни зарарсизлантириш учун аввало уларни тасниф этмоқ зарур. Зеро бусиз ҳар қандай тадбирни объектив илмий назар эмас, балки субъектив истак-хоҳишлар ҳаракатга келтиради.

Халқимизга зарар келтираётган тушунчалар, булар – ҳеч бир асоси йўқ, онгсиз равишда илакишиб қолган нарсалар – стереотиплар эканини тушунмоғимиз лозим. Улар билан курашиш – онгли жамият учун бурч.

Аммо, булардан бошқа – соф динимиз таъсирида шаклланган жиҳатлар ҳам бор. Улар онгсиз равишда эмас, балки онгли равишда, асосга суянган ҳолда халқимиз онгида шаклланган – стереотип эмас. Бу икки нарсани бир-биридан ажратиб олиш лозим. Олим ва мутахассисларнинг  иши бу ерда – стереотиплар ва халқимизнинг муҳим маънавий устунларини бир-бирдан ажратиб олиш, аралаштириб юбормаслик. Бундай муҳим соҳада ноилмий ёндашув бизни муаммолар гирдобида қолдиради, яхшиликка асло омил бўлмайди.