ХХ асрнинг охиридаги Совет иттифоқининг парчаланишидан кейин АҚШ жаҳон саҳнасида дипломатик, ҳарбий ва геосиёсий жиҳатдан мутлақ устунликка эришди ва бир қутбли янги дунё тартиботи ўрнатилди. Қўшма Штатлар ўзининг устун мавқейидан фойдаланган ҳолда, БМТ ва қатор халқаро молиявий ташкилотларда статусини мустаҳкамлади ҳамда бошқа мамлакатларда юзага келган ҳарбий ва сиёсий низоларга аралашиб келди.

Бироқ Россиянинг Украинадаги тажовузкор ҳаракатлари фонида халқаро геосиёсий мувозанат таназзулга учради. Мазкур уруш мамлакатларнинг иқтисодий ўзаро боғлиқлиги ҳақидаги қарашларни ўзгартиради. Ўзаро боғлиқлик тинчликни яратади деган назария узоқ тарихга эга, аммо у Россиянинг Украина ва Ғарб билан муносабатларида ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмади. Мазкур тенденция эски давр тугаши ва янги давр бошланиши сифатида баҳоланмоқда ва кейинги янги дунё тартиботидаги асосий иштирокчилари таркибини бошқача кўринишга келтириши ҳам мумкин. Хўш, бу қандай бўлади?

Янги “учбурчак”

Сўнгги бир неча ўн йилликлар ичида Хитой мислсиз иқтисодий ва технологик тараққиётга эришган, барқарор, ҳокимиятнинг бир лидердан иккинчисига тинч кўринишда ўтишини бошқаришга қодир, ташқи босимларга чидамли давлат сифатида шаклланди. Бугунги ХХР дунё лидерлиги учун бемалол даъво қилиш имкониятига эга глобал куч. Украинадаги уруш эса расмий Пекин атрофида стратегик жиҳатдан муҳим бир қанча давлатларнинг норасмий коалицияси тузилишига замин яратди. Хусусан, Москва ва Ғарб давлатлари ўртасидаги геосиёсий кескинлик фонида Россия ва Хитой муносабатларида янги саҳифа очилди. Хитой на геосиёсий, на иқтисодий, на хавфсизлик нуқтаи назаридан Россиянинг “йўқ қилиниши”дан ёки парчаланишидан манфаатдор эмас. Ғарбпараст ёки тартибсиз Россияни ўз хавфсизлигига жиддий таҳдид сифатида кўради. Хитой ўзининг кучайиб бораётган қудратига таяниб, глобал миқёсидаги ҳукмрон мавқейини мустаҳкамламоқчи, Россия эса жаҳон гегемонлиги учун пойгада иштирок эта олмаслигига иқрор бўлган ҳолда, Евросиёдаги куч марказларидан бири ва глобал ўйинчи сифатидаги иштирокини сақлаб қолишга интилади. Яқинлашув ҳар икки томон учун ўз амбицияларини амалга оширишга ёрдам беради. Москва билан иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик Пекинни нафақат Шарқий Осиёда, балки Евросиё бўйлаб энг асосий ўйинчига айлантиради. Бугунги кунда Хитой Россия ресурсларидан фойдаланиш (углеводородлардан тортиб чучук сув манбаларигача) ва Марказий Осиё, Россия ва Арктика орқали Европа билан боғланиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имкониятларга эга. Расмий Пекин ва Москванинг бугунги кундаги муносабатлари Совуқ уруш даврида Хитой-СССР томонидан тузилган иттифоқни эслатади, аммо бу сафар Хитой етакчи, Россия эса унга эргашувчи ролида.