Сўнгги йилларда бир тенденция яққол кўзга ташланади: Хитой электромобиллар, қуёш панеллари, шамол турбиналари ва аккумуляторлар ишлаб чиқариш бўйича мутлақ етакчига айланди. Узоқ йиллардан бери “дунё фабрикаси” ҳисобланган мамлакат эндиликда нафақат арзон истеъмол товарлари, балки юқори технологик “яшил” маҳсулотлар борасида ҳам доминантлик қиляпти. Хўш, бу ҳолат қандай юзага келди? Нима учун асрлар давомида технологик инновациялар ўчоғи бўлиб келган Ғарб бу пойгада ортда қолиб кетди?

Муваффақият сири нимада?

Хитойнинг бугунги устунлиги тўсатдан юз берган мўъжиза эмас, балки сўнгги йигирма йил давомида изчил амалга оширилган давлат сиёсатининг натижасидир. Ғарб давлатлари дастурий таъминот ва хизмат кўрсатиш соҳаларига кўпроқ эътибор қаратаётган бир пайтда, Пекин ўзининг "Made in China 2025" каби стратегик дастурлари орқали ишлаб чиқариш ва оғир саноатни янги босқичга олиб чиқишга жуда катта миқдорда сармоя киритди. Хусусан, ҳукумат тоза энергия секторини ривожлантириш учун юзлаб миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри ва билвосита субсидиялар ажратди. Солиқ имтиёзлари, арзон кредитлар, ер майдонларининг бепул ёки арзон берилиши BYD, CATL каби маҳаллий компанияларга жадал ўсиш имконини берди. Ички бозор эса мазкур компаниялар учун синов майдони бўлиб хизмат қилди. Ҳукумат йиллар давомида фуқароларни электромобил харид қилишга ундаш учун чегирмалар берди, шаҳарлардаги жамоат транспортини тўлиқ электр энергиясига ўтказди. Натижада, компаниялар ўз маҳсулотларини такомиллаштириб, қисқа муддатда дунё бозорига тайёр, арзон ва сифатли рақобатбардош маҳсулот олиб чиқишга эришди.

Критик минераллар монополияси

Критик минераллар яшил энергетика тизимлари, яримўтказгичлар, батареялар ва мудофаа қурилмалари ишлаб чиқариш учун муҳим хомашёдир. Литий, кобалт, никел, графит, мис каби минералларсиз на электромобил аккумуляторини, на қуёш панелини ишлаб чиқариб бўлади. Хитой мазкур тармоқдаги таъминот занжирини эгаллаш орқали мутлақ устунликка эришди. Халқаро энергетика агентлигининг маълумотларига кўра, Пекин нодир ер металларининг 96 фоиз, табиий графитнинг 98 фоиз, кобалтнинг 97 фоиз, литийнинг 73 фоиз, миснинг 83 фоиз қисмига эгалик қилади. Индонезия никелни қайта ишлаш бўйича мутлақ етакчига айланган бўлса-да, мамлакатдаги хомашёни қайта ишлаш заводларининг тахминан тўртдан уч қисми Пекин назорати остида ёки уларнинг сармояси асосида қурилган.