Kun.uz сайтига Сурхондарё вилояти Ангор туманида фаолият юритаётган тадбиркорлар мурожаат қилишди. Мурожаатда опа-сингил тадбиркорлар Халима ва Муҳаббат Нурқобилова туман ва ўзлари фаолият юритаётган бозор ҳудуди мутасаддиларидан норозиликларини ифода этишган.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Уларга қарашли ЯТТ (якка тартибдаги тадбиркор) Эргашев Бахтиёр, ЯТТ Сулаймонов Элмурод туман марказида қурилаётган дўконлардан узоқ йиллик ижарага дўкон сотиб олишни режалаштиришган. «BEST RIELTOR» МЧЖ Сурхондарё минтақавий филиалида очиқ аукцион савдоси ташкил қилинади ва улар бу аукционда қатнашишади.
Ўтказилган аукционда ЯТТ Эргашев Бахтиёр, ЯТТ Сулаймонов Элмурод ғолиб чиқишади. 2017 йилнинг 5 декабрь санасида томонлар иштирокида ғолиблик баённомаси имзоланади.

Баённоманинг харидор мажбуриятларига диққат қаратадиган бўлсак, у ерда «аукцион савдоси ғолиби савдо ўтказилган кундан бошлаб 5 (беш) иш кун муддат ичида сотувчи «Ангор келажаги» савдо комплекси МЧЖ ва Ангор тумани ҳокимлиги ҳузуридаги савдо комплекси қурилиши дирекцияси билан олди-сотди шартномасини имзолаш, имзолагандан сўнг 30 кун муддат ичида пул тўловларини қурилиш ташкилоти Ангор туман ҳокимлиги ҳузуридаги савдо комплекси қурилиши дирекциясининг ҳисоб рақамига тўлиқ тўлаш шартлари юклатилади» дейилган.
Баённомага кўра, аввал 5 (беш) иш кун муддат ичида сотувчи «Ангор келажаги» савдо комплекси МЧЖ ва Ангор тумани ҳокимлиги ҳузуридаги савдо комплекси қурилиши дирекцияси билан олди-сотди шартномаси имзоланиши назарда тутилган. Шартнома имзоланганидан кейин 30 кун ичида дўконни ижарага олиш ҳуқуқи нархини «тийин-тийинигача тўлаб қўйиш» белгиланган.
Харидорлар шартнома имзоланмагач, пулга куйиб қолишдан қўрқиб уни ўтказишмаган. Шундан сўнг, маълум вақт ўтиб дўконлар бошқа тадбиркорларга бериб юборилади. Ҳозирда бу катта муаммога айланган. Орада бу ишлар бир неча марта иқтисодий судларда кўрилган. Тузилган баённомани бекор қилишни сўраб қилинган даъволарда ЯТТ Эргашев Бахтиёр, ЯТТ Сулаймонов Элмурод ғолиб чиқишган.

















