Жамият | 07:56 / 09.05.2019
9513
4 дақиқада ўқилади

ИИВ фирибгарлик бўйича жиноят ишлари очилмаётгани ҳақидаги маълумотни рад этди

Ижтимоий тармоқларда “Фирибгарлик бўйича жиноят иши очилмаяпти; маъмурий протоколни кўпайтириш бўйича режа берилди” сарлавҳаси билан тарқатилган маълумот Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси томонидан тарқатилган хабарда айтилишича, унда қайд этилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмаган.

Маълумотда “Ички ишлар вазирлиги тизими ходимлари¸ айни пайтда¸ оддий ўзбекистонликлар¸ айни кунларда Жиноят кодексининг 168-моддаси – фирибгарлик бўйича тушган аризаларни расмийлаштириш тўхтатилганини билдирди”, - деб кўрсатилган. Ваҳоланки, 2019 йилнинг биринчи чорагида фирибгарлик билан боғлиқ 708 та жиноят қайд этилган, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, баъзи ҳуқуқий билими етарли бўлмаган шахслар моддий олди-берди ҳолатларида фуқаролик ишлари бўйича кўриб чиқилиши лозим бўлган, жиноят аломатлари аниқланмаган ҳолатларни фарқлай олмаганликлари сабабли нотўғри фикрлашмоқда.

Шунингдек, маълумотда “Айни пайтда¸ профилактика инспекторлари аҳолини маъмурий қонунчиликни бузганликда айблаб¸ уларни жаримага тортиш бўйича махсус план берилгани ва уларнинг ойлик олиш-олмаслиги ана шу планнинг бажарилишига қарам бўлиб қолганини билдирди”, - деб ёзилган. Агар маълумотда қайд этилганидек, “аризаларни расмийлаштириш тўхтатилган, жиноятчилик бўйича статистикани камайтириш мақсад қилинган” бўлса, унда қандай қилиб жаримага тортиш бўйича план берилиши мумкин. Бу мантиққа тўғри келмайди, дея билдиради ИИВ.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2896-сонли қарори билан тасдиқланган 2-иловасидаги “Ички ишлар органлари таянч пунктлари тўғрисида Низом”да профилактика инспекторларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгиланган бўлиб, профилактика инспекторлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ ўзларига тааллуқли бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган, лекин ушбу Низомда ёки бошқа норматив-ҳужжатларда профилактика инспекторларига ҳар ойда мажбурий равишда маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённома тузиш юклатилмаган.

“Яна маълумотда ёзилган “Бу маълумот ва шикоятлар юзасидан ИИВ Матбуот хизматидан муносабат олишнинг имкони бўлмади – вазирлик расмий сайтида мазкур хизмат учун берилган телефон рақамларига 6 май куни ҳеч ким жавоб бермади” дейилган жумлага шуни айтиш мумкинки, ИИВнинг расмий веб-сайтида қайд этилган Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасининг хизмат телефонлари ишлаб турибди, аммо Ўзбекистон ҳудудида аккредитациядан ўтмаган оммавий ахборот воситалари билан мулоқотга киришилмайди.

Шунингдек, ушбу тасдиқланмаган маълумотни тарқатган баъзи бир оммавий ахборот воситалари ундаги ҳолатларга аниқлик киритилгандан сўнг тарқатсалар мақсадга мувофиқ бўлиб, халқ фикрини чалғитмасдан, жамият манфаатига хизмат қилган бўларди. 

Маълумотда аниқ фактлар келтирилмаганлиги боис, “Фирибгарлик бўйича жиноят иши очилмаяпти; маъмурий протоколни кўпайтириш бўйича режа берилди” сарлавҳаси билан тарқатилган маълумотни Ўзбекистонга қарши қаратилган навбатдаги уйдирма сифатида баҳолаш мумкин”, - дея якунланади ИИВ хабари.           

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид