Фуқаролар нимадан норози бўлган эди?
Ўтган ойда Сергели туманининг 5-даҳасида барпо этилган арзон уйларнинг сифати ва нархи масаласи айрим эътирозларга сабаб бўлиб, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғи билан 11 апрель куни Сергели тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати раҳбари иштирокида ушбу уйларда истиқомат қилаётган фуқаролар билан учрашув бўлиб ўтган эди.
Сайёр йиғилишда кўтарилган масалаларни жойининг ўзида ўрганиш ва бартараф этиш бўйича иккита комиссия тузилиб, Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев раҳбарлигидаги комиссияга уйларнинг нархлари масаласини ўрганиш ва имкон қадар арзонлаштириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш, қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев раҳбарлигидаги комиссияга қурилишдаги камчиликларни ўрганиш ва жойининг ўзида бартараф этиш вазифалари топширилгани ҳақида аввал хабар берган эдик.
Жорий йилнинг 21 апрель куни ушбу комиссияларнинг дастлабки йиғилиши бўлиб ўтди ва унда комиссиялар раҳбарларининг ахборотлари тингланиб, танқидий муҳокама қилинди. Ишни янада жадаллаштириш, комиссиялар фаолиятига жамоатчилик вакиллари, шу хонадонларда яшайдиган фуқароларни кенг жалб этиш зарурлиги таъкидланди. Ижтимоий уйлар қурилишини бизнесга айлантириб юборишга йўл қўйилмаслиги қатъий уқтирилди.
Аҳоли олдида ҳисобот берилди
7 май куни Сергели тумани ҳокимлигида комиссияларнинг ўрганишлари натижалари ҳақида аҳоли олдида ҳисобот берилди.
Йиғилишда комиссиялар ўз ишини халқимиз билан бамаслаҳат, ҳамжиҳатликда амалга оширгани, қилинаётган ишлардан жамоатчиликни хабардор қилиб бориш мақсадида комиссиялар ишига лойиҳа институтлари, молия, солиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан бирга йирик нодавлат нотижорат ташкилотлар, хусусан, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси, хотин-қизлар қўмиталарининг вакиллари, катта ҳаётий тажрибага эга фаоллар, шу ерда яшайдиган фуқаролар жалб қилингани айтиб ўтилди.
Нарх 3 981 700 сўмдан 3 253 100 сўмгача тушади
Йиғилишда Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев Сергели 5-даҳасидаги 34-уй мисолида қурилишдаги сарф-харажатларни ҳар бир банд бўйича батафсил таҳлил қилиб берди. Хонадонлар учун белгиланган нархларни ҳар бир квадрат метр учун ўртача 700 минг сўмгача арзонлаштириш, яъни қурилиш ташкилотларининг фойдасини, банк маржасини камайтириш, қурилиш ташкилотлари ва ушбу уйлар учун қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга давлат томонидан берилган имтиёзлардан оқилона фойдаланиш ва бошқалар ҳисобига уйларнинг ҳар бир квадрат метри нархини 3 981 700 сўмдан 3 253 100 сўмгача тушириш имкониятлари борлигини таъкидлади.
















