Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри ИИБ собиқ катта тезкор вакили Санъат Умаров томонидан ўғриликда гумонланиб, шаҳар ИИБ биносида таҳқирланиб ечинтирилган, сўнгра Оқдарё туманида содир этган ўғриликлари учун ЖИБ Оқдарё туман суди томонидан 4 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланган Каттақўрғон туманида истиқомат қилувчи Насиба Тошматова Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида яна жиноят устида қўлга тушган эди.

Жиноят ишлари бўйича Ғаллорол туман судининг судья У.Хидирбоев раислигида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси, 3-қисми «а» банди билан айбланган, илгари тўрт маротаба судланган Насиба Тошматовага нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилди.

Насиба Тошматова 2019 йилнинг 10 февраль куни эрталаб олтиларда жиноий шериги Озод Саломов билан «Ғаллорол деҳқон бозори» ҳудудига келиб, соат саккизлар атрофида бозордан сабзавот маҳсулотлари харид қилаётган Л.А.нинг ҳамёнидаги 165 минг сўм пул ва бозор баҳоси 150 минг сўм бўлган Samsung маркали уяли телефонини киссавурлик йўли билан ўғирлаган.

Шу куни у О.Саломов билан ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, соат 8:30 лар атрофида бозорга кириш дарвозаси олдида пайпоқ харид қилаётган С.Я.нинг ҳамёни ва 75 минг сўм миқдоридаги пулларини ўғирлаётган чоғида ушланган ва жиноий қилмишлари фош этилган.

Суд мажлисида Н.Тошматова айбига тўлиқ иқрор бўлиб, шу куни Ғаллоролга шериги О.Саломов билан йўловчи машинада келишгани, бозорда нонушта қилишгани, бир шиша ароқ ҳам ичишгани, сўнгра ўғрилик қилишга келишишганини айтиб берган.

Суд Н.Тошматова олдин ҳам бу жиноятни бир неча марта содир этганлигини инобатга олиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатишнинг имкони йўқ, деган қатъий фикрга келиб, озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлашни лозим деб топди.

Суд ҳукмига кўра, Н.Тошматова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси, 3-қисми «а» банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман судининг 2018 йил 19 декабрь кунги ҳукми билан тайинланган 4 йиллик озодликдан чеклаш жазосининг ўталмай қолган 3 йилу 11 ой 6 кунлик қисми қўшилиб, узил-кесил ўташ учун 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.