Ҳеч кимнинг, ҳаттоки қушнинг ини бузилмасин, дейишади ёши улуғларимиз. Бироқ туман ва маҳалладаги мутасаддиларнинг бепарволиги деймизми ёки бошқа сабабданми — бир оиланинг кўп йиллардан буён истиқомат қилиб келаётган уйи бузилиш арафасида турибди. Биз ушбу мақолада жуда мураккаб аҳволга тушиб қолган Сурхондарё вилояти Узун тумани «Хурсанд» маҳалла фуқаролари йиғини, Дазира қишлоғида истиқомат қилиб келаётган онахон Ҳанифа Сафарова ва унинг оиласи ҳақида ҳикоя қиламиз.


Маълум бўлишича, собиқ иттифоқ даврида қўшни Тожикистонда истиқомат қилиб келган бу ўзбеклар оиласи беш фарзанди билан 1992 йилги фуқаролик уруши чоғида Сурхондарёга кўчиб ўтишади ва ўша йиллари Дазира қишлоғидаги ташландиқ ерда уй тиклаб истиқомат қила бошлашади. Ҳанифа аянинг бир ўғли 2005 йилда, турмуш ўртоғи Бўрон Холиқов эса 2008 йилда вафот этган ва шу заминда мангу қўним топишган. Ҳанифа Сафарованинг ўзига ва қолган фарзандларига ҳанузгача фуқаролик берилмаган, боз устига, бир фарзандининг ҳужжатларидаги чалкашликлар боис, у Тожикистонга депортация қилиб юборилган. Узундан уйланган фарзанди дам-бадам келиб кетиб юрибди экан. Яхшиямки, бахтига чегаралар очилди…
Хуллас, улар Дазира қишлоғида тиклаган уйнинг ва уйга бириктирилган томорқанинг ҳеч қандай ҳужжати йўқлиги аниқ, шунчаки қишлоқ кенгашидаги журналда қайд этилган.

Хўш, унда нималар бўляпти ўзи? Нега Ҳанифа аянинг уйи бузилмоқда?
Гап шундаки, Ҳанифа Сафарованинг турар жойидан кейин унинг қайноғаси Мамаражаб Холиқовга тегишли уй жойлашган. Нариги кўча бўйида эса фуқаро Бахтиёр Холмуродовнинг уйи ва томорқаси жойлашган. Илгари М.Холиқовнинг (у ҳам Тожикистондан кўчиб келган фуқаролиги йўқ шахс) оиласи ўз уйига Б.Холмуродовнинг уйининг орқасидан ўтган кўчадан кириб-чиқиб юрган. Кейинчалик, Б.Холмуродов кўча бошига ошхона қуриб, (айтишларича, аллақачон буни ҳужжатлаштириб ҳам олган) унинг уйига элтувчи кўчани беркитиб қўяди.

Шундан сўнг анча вақт мобайнида М.Холиқовнинг оила аъзолари мактаб ҳудуди орқали уйларига кириб-чиқиб юришган. Кейинчалик, мактаб ҳудуди айлантириб девор қурилгач, унинг уйи ташқи кўчадан батамом узилиб қолади.
























