Иқтисодиёт | 14:01 / 13.05.2019
16268
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки жамғармаси Тошкент ва Андижон ўртасидаги пуллик йўл лойиҳаси учун грант ажратди

Фото: Молия вазирлиги ахборот хизмати

2019 йил 10 май куни Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги раҳбарияти Жаҳон банки вакиллари билан йўл-транспорт соҳасида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан 2019 йилда ишлаб чиқилиши лозим бўлган лойиҳалар тасдиқланган. Ҳозирги кунда умумий қиймати 2 млрд АҚШ доллари бўлган 10 дан кўп лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.

Йўл-транспорт тизимида Жаҳон банки билан ҳамкорликда Тошкент-Андижон янги пуллик йўлини қуриш бўйича лойиҳа тайёрланмоқда. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банкининг GIF (Global Infrastructre Facility) жамғармаси томонидан изланиш гранти тақдим қилинган. Жорий йилнинг 10-16 май кунлари Жаҳон банки вакилларидан иборат йўл қурилиш бўйича экспертлари Ўзбекистонда келиб, тегишли вазирликларда учрашувлар ўтказади. Шунингдек, ушбу экспертлар Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларига бориб мўлжалланаётган магистраль йўлини ўрганишади. 

Мулоқотларда Жаҳон банки ҳамда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги вакиллари йўл-транспорт соҳасида Давлат-хусусий шериклиги дастурини муҳокама қилишди. Лойиҳаларни ишга тушириш учун зарур бўладиган маълумотлар, изланишлар ва таҳлиллар, ҳамда қўлланилиши мумкин бўлган давлат-хусусий шериклик турлари ҳақида гаплашилди. 

Учрашувда қайд этилганидек, ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш билан бирга, иқтисодиётни ўсишига кучли туртки бўлади. 

Мавзуга оид