Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тузилмасида бошқарув ходимларининг 12та штат бирлигини қўшимча ажратган ҳолда Арзон уй-жойлар қуриш давлат мақсадли дастурларини мувофиқлаштириш ва молия бозори воситаларини ривожлантириш бошқармаси таъсис этилди.
Фармонга мувофиқ қуйидагилар Арзон уй-жойлар қуриш давлат мақсадли дастурларини мувофиқлаштириш ва молия бозори воситаларини ривожлантириш бошқармасининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
мақсадли дастурлар ижроси самарадорлигини таҳлил қилиш ва мониторингида иштирок этиш, улар бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш;
мақсадли дастурларни амалга ошириш тадбирларини молиялаштиришни таъминлаш, ипотека кредити бозорини ривожлантиришга ХМИ ва ХҲМТ маблағларини жалб этишда иштирок этиш;
молиявий институтлар билан ҳамкорликда қимматли қоғозларни ва молиявий воситаларни тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича, шу жумладан, илғор жаҳон тажрибасини ва корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини инобатга олган ҳолда таклифлар тайёрлаш;
мақсадли дастурларни амалга ошириш доирасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, белгиланган тартиб-таомиллар ва қўлланилаётган механизмлар тўғрисида жамоатчиликни кенг хабардор қилишни ташкил этиш.