Бугун, 15 май куни Адлия вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон президентининг «Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Қарорга кўра, жорий йилдан бошлаб абитуриентларни давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга кириш учун фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишади.

Шу ўринда савол туғилади, ўзи шундоқ ҳам ишга кўмилиб турган Давлат хизматлари марказлари қисқа муддат ичида шунча абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилишга улгурадими?

Бу саволга жавоб берган марказ вакилининг маълум қилишича, ҳозирги кунда республика бўйлаб 200дан ортиқ марказлар фаолият юритмоқда. Яъни улар сони мавжуд ОТМлар сонидан икки баробар кўпроқ. Демак, гарчи юклама ортсада, барча абитуриентлардан ўз вақтида ҳужжат қабул қилиш бўйича ҳамма чора тадбирлар кўрилади.

Kun.uz мухбирининг «имтиёз асосида қабул қилинувчилар тоифалари йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу охир-оқибат билимнинг иккинчи даражага тушиб қолишига сабаб бўлмайдими?» деган саволига ДТМ бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов шундай жавоб берди: «ДТМ ижрочи орган ҳисобланади ва ҳукумат қарорларини сўзсиз бажаради. Имтиёзлар эса ҳукумат томонидан белгиланади. Лекин айтиш мумкинки, берилган имтиёзлар асосий квоталардан ташқари тайинланади, яъни билимли абитуриентлар ўрни сабабсиз олиб қўйилмайди. Ички ишлар ходимлари фарзандларига берилувчи сўнгги имтиёзларга келсак, айтиш мумкинки бу имконият ҳамма ходимларга ҳам берилавермайди. Биринчи навбатда хизмат чоғида ҳалок бўлган ёки оғир яраланганларнинг фарзандларига ёки ўз фаолиятида алоҳида намуна бўлганларга бевосита вазир ёки ўринбосари тавсияси билангина бу имтиёзга эга бўлиш мумкин».