Ўзбекистон Республикаси президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарини ташкил этиш тўғрисидаги таклифга розилик берилди.

Белгиланишича:

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарида тадбиркорларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар, шунингдек, бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилади;

қарори ёки ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган ташкилотларнинг мансабдор шахсларига мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз топшириш тақиқланади;

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ўз фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий марказлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширади;

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини аниқлайдилар ва уларнинг ҳал этилишини таъминлайдилар;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари секторлар ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарларининг тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳар чоракда тегишли халқ депутатлари Кенгаши мажлисларида муҳокама қилиш учун киритадилар, ушбу ахборот бўйича масъул ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилади.