Халқаро валюта жамғармаси Ижрочилар Кенгаши 2019 йилнинг 6 – майида ХВЖ тўғрисидаги шартноманинг IV моддаси бўйича Ўзбекистон Республикаси билан маслаҳатлашувларини якунлади.
Ўзбекистонда 2018 йилда кузатилган ноқулай об-ҳаво шароитлари ва сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларнинг қишлоқ хўжалиги, энергетика ва бошқа секторларга салбий таъсир кўрсатишига қарамасдан асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажмининг сезиларли даражада ошиши ҳисобига Ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) ўсиш суръати 5 фоизни ташкил этди.
2018 йил охирида истеъмол секторидаги инфляция даражаси 14,5% гача пасайди. Шу билан бирга, юқори кредитлаш суръатлари, нархларни эркинлаштиришнинг давом эттирилиши, давлат секторида иш ҳақларнинг қайта кўриб чиқилиши ва юқори даражадаги инфляцион кутилмалар каби омиллар таъсири ҳисобига 2019 йилда ҳам нархларга бўлган босим сақланиб қолиши мумкин.
2017 йилда ташқи савдо ва алмашув курсининг эркинлаштирилиши ҳамда 2018 йилдаги иқтисодиётни фаол кредитлаш сиёсатининг амалга оширилиши ўз навбатида, 2018 йилда импорт ҳажмининг ошишига ва жорий операциялар ҳисобварағининг салбий сальдосининг ЯИМга нисбатан 7 фоизгача пасайишига олиб келди (2017 йилда оз миқдорда мусбат сальдо бўлган). Шунга қарамасдан, 2018 йил якуни бўйича Ўзбекистонда 13 ойлик импортни қоплашга етарли бўлган сезиларли халқаро олтин-валюта захиралари мавжуд ва мамлакатнинг ташқи қарзи мўътадил даражада (ЯИМга нисбатан 35 фоиз) қолмоқда.
2018 йилда солиқ-бюджет сиёсатини амалга оширишда эҳтиёткорлик тамойилларига асосланилган бўлиб, давлат бюджети камомади (иқтисодий дастурларга ажратилган кредитларни ҳисобга олган ҳолда) ЯИМга нисбатан 2 фоизни ва давлат қарзи ЯИМга нисбатан 20 фоизни ташкил этди. ҚҚС ва фойдали қазилмалардан тушган даромадлар ошиб, улар муҳим ижтимоий масалаларга ва иқтисодий дастурларга ажратилган кредитларни молиялаштиришга йўналтирилди. Ҳукумат 2019 йилда солиқларни соддалаштириш, умум эътироф этилган корпоратив солиқлар тизими ҳамда ҚҚС базасини кенгайтириш билан биргаликда хусусий корхоналар ва жисмоний шахсларга солиқ юкини камайтиришга қаратилган кенг қамровли солиқ ислоҳотини бошлади.
Марказий банк 2018 йилда қайта молиялаш ставкасини 14 фоиздан 16 фоизга кўтариш орқали пул-кредит сиёсатини қатъийлаштирди ва ишлаб чиқарувчилардан монетар олтинни сотиб олиш натижасида вужудга келган ортиқча ликвидлиликни ички валюта бозорига интервенция қилиш йўли билан стерилизация қилиб борди.
2017 йилда валюта алмашув курсининг номинал қиймати 60 фоизгача қадрсизлангандан сўнг 2018 йилда нисбатан барқарорликни сақлаб қолди ва натижада сўм реал алмашув курсининг қадри ошди. Шу билан бирга, давлат дастурлари доирасида мақсадли кредитларнинг ошиши натижасида иқтисодиётни умумий кредитлаш ҳажмининг ўсиш суръати 50 фоиздан юқори бўлди. Банк тизими активларининг 85 фоизи давлат улуши мавжуд тижорат банклари ҳиссасига тўғри келади ва ушбу банкларнинг асосий вазифаси давлатнинг инвестицион ва ривожланиш дастурларини қўллаб-қувватлашдан иборат. Шунга қарамасдан, тижорат банкларининг барқарорлик кўрсаткичлари ишончлилигича қолмоқда. Бунда, Марказий банк ўзининг назорат салоҳиятини такомиллаштириш ва янги макропруденциал тартибга солиш инструментларни жорий қилиш орқали кутилаётган хавф-хатарларни олдиндан баҳолаб ўз вақтида зарур чоралар кўриб бормоқда.
















