Жамият | 13:06 / 16.05.2019
9344
2 дақиқада ўқилади

Чустда ОТМ филиали очилиши мумкин

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Наманган вилояти Чуст шаҳрида олий таълим муассасаси филиалини очиш ҳақида петиция эълон қилинди.

Билдирилишича, Наманган вилояти марказига чекка туманлардан қатнаб ўқийдиган талабалар ва ишлайдиган ходимлар жуда кўп. Ушбу ҳолат бугунги кунда автомобилларнинг тирбандлиги ва вилоят марказида ижара нархларининг қимматлашуви каби қатор ноқулайликларга сабаб бўлмоқда. 

Қайд этилишича, ҳозирда туман марказларида ҳам олий таълим муассасаси филиалларининг фаолиятини ташкил этиш учун етарлича шароитлар мавжуд. Касб-ҳунар коллежлари ёки академик лицейлардан бўшаган бино ва иншоотлардан фойдаланиш мумкин. 

“Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида Тошкент давлат техника университети, Наманган давлат университети ёки Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг филиалларини очиш мумкин. Бу Поп, Чуст, Мингбулоқ, Косонсой, Тўрақўрғон ва бошқа яқин туманлардаги, қолаверса, Фарғона вилоятининг чегарадош туманларидаги ёшлар учун ҳам айни муддао бўлар эди”, - деб ёзади мурожаат муаллифи. 

Олий таълим муассасаларининг чекка туманларда ҳам филиаллари очилиши ҳудудларда билимли кадрлар кўпайишига, ишлаб чиқаришнинг янада ривожланишига олиб келади.

“Наманган вилояти Чуст туманида олий таълим муассасаси филиалининг ташкил этилиши ёшларнинг олий таълим олиши, уларнинг юқори салоҳиятли кадрлар бўлиб етишишига хизмат қилади”, - дейилади петицияда.

Мавзуга оид