Ўзбекистон жаҳонга юз тутишни мақсад қилган бир вақтда аҳоли яшаш тарзи, ҳудудлар инфратузилмасининг ривожи бу йўлда бирламчи мақсаддир. Ичимлик суви ва оқова (канализация) хизматларисиз эса инфратузилма ва тараққиётни тасаввур этиб бўлмайди. Мамлакатда бу соҳада қатор муаммолар мавжуд. Тошкент вилоятининг Чиноз тумани ва бошқа минтақалардаги масалалар бот-бот матбуотда ёритилади. Kun.uz Ўзбекистон Республикаси Уй-жой ва коммунал хизматлари вазирлиги Ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова сув хизматлари масалалари бўйича вазир ўринбосари Тоҳиржон Ҳайдаров билан шу масалалар юзасидан суҳбатлашди.
Видео: YouTube
Видео: Mover (tas-ix)
— Аҳоли орасида кўпинча ушбу янги ташкил этилган вазирлик бўйича саволлар берилади. Бу вазирликнинг ваколатлари нималардан иборат?
— Вазирлик 2017 йилда ташкил қилинган вақтда бир қатор вазифалар юклатилган. Булар: ичимлик суви ва оқова сув таъминоти, иссиқлик таъминоти ва уй-жой фондларини эксплуатация қилиш саналади.
— Ёз яқинлашгани сари аҳоли томонидан ичимлик суви билан боғлиқ кўплаб ҳақли эътирозлар келиши бошланди. Бу масалада ишлар қай даражада олиб борилмоқда?

— Вазирлик ташкил этилганидан буён ҳозирги кунда асосий қилинган иш – ичимлик суви ва оқова сув бўйича республика бўйлаб хатлов ўтказилди. Ҳозир ҳолат бўйича тўлиқ маълумотга эга бўлдик. 59 минг км. ичимлик сув тармоқлари мавжуд бўлиб, шундан 35-40 фоизи таъмирталаб бўлгани сабабли реконструкция қилиниши лозим. Оқова сув бўйича ҳам якунланган хатлов натижаларига кўра, республикада 79та шаҳар оқова сув (канализация) тизимларига эга. Бу шаҳарлардан 58тасида оқова сув тозалаш иншоотлари мавжуд. Ҳозир халқаро молия институтлари томонидан реконструкция ишлари олиб борилмоқда, 47таси таъмирталаб ҳолатда. Асосий оқова сув тизимлари ўтган асрнинг 60-70 йилларида қурилгани сабабли темир-бетон ва металлоконструкциялари чириб тамом бўлган. Совет вақтида электр энергияси арзон бўлгани сабабли катта қувватдаги насос ускуналари ўрнатилган. Ҳозирги кунда буларни алмаштириш керак ёки модернизация қилиниши лозим. Бу масалада 2018 йил ҳисобида республиканинг 12та ҳудудида 38 миллиард сўм ўзлаштирилган. Мисол учун, Ургут эркин иқтисодий зонасида, Самарқандда, Тошкент вилоятида ишлар олиб борилмоқда. 2019 йилда ҳам бу йўналишда ишлар кўзда тутилган ва 200 миллиард сўмдан ошиқ маблағ ажратилган. Бизда 26та лойиҳа мўлжалланган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида қуввати 1000 кубдан ошиқ оқова сув тизимлари тозалаш иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш, 100 км.га яқин оқова сув тизими қуриш режалаштирилган.

















