Ўзбекистон президенти ичимлик суви таъминоти тизимига оид янги фармонни имзолади.

24 июл куни имзоланган фармонга кўра, 2027 йил 1 январдан:

  • марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш иқтисодий жиҳатдан самарасиз ёки ўзини оқламайдиган ҳудудларда хизмат кўрсатиш алоҳида ёндашув асосида (махсус техникаларда сув етказиб бериш, шохобчаларни ташкил этиш ва шу кабилар) амалга оширилади;

  • ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари тарифларини тасдиқлаш ваколати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига ўтказилади (амалда бу ваколат ҳудудий ҳокимликларга тегишли).

2027 йил 1 апрелдан бошлаб ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари учун бюджет ташкилотларига республика бўйича бир хил тарифлар белгиланади.

Ичимлик суви ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жараёнлари бўйича алоҳида ҳисоб-китоб юритилиши йўлга қўйилади.

2027 йил 1 январдан бошлаб:

  • республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбар ва ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига ичимлик сувини тежаш ва ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатганлик мезонлари киритилади;

  • ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатмаган республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари Бош прокуратура томонидан назоратга олинади.

Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув соҳасидаги янги лойиҳаларга халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари (ХМИ/ХҲМТ) қарз ва грант маблағлари олдиндан харид, ретроактив ва шу каби бошқа молиялаштириш усулини танлаган ҳолда жалб қилинади.