2019 йил охирига қадар Тошкент шаҳрида 18 мингдан зиёд квартирага эга бўлган 398та кўп қаватли уй қурилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлигининг Facebook’даги саҳифасида хабар берилди.

Қайд этилишича, ўтган йилга нисбатан уй-жой қурилишида ўсиш 54 фоизни ташкил этади.

Турар жой иншоотлари умумий ҳажмида жами 191та уй (8 мингдан зиёд квартира) арзон уй-жой қуриш дастури доирасида қурилади.

Кам таъминланган оилалар учун Сергели тумани Чоштепа мавзесида қуриладиган 45та уй (2,5 мингта квартира), шунингдек, Чилонзор туманидаги Оқтепа мавзесида қурилиши режалаштирилган 23та уй (900та квартира) мўлжалланган.

Хусусий тадбиркорлар томонидан жорий йилда 91та уй (4,5 мингта квартира) қурилади. Бундан ташқари, 2 мингдан зиёд квартирали 48та уй қурилиши режалаштирилган.