Давлат мулкига нисбатан бўлган ҳурмат бу умумхалқ манфаатига хизмат қиладиган муҳим омилдир. Афсуски сўнгги йилларда бунга эътибор пасайиб кетди. Одамлар яшайдиган ҳудудларда қатнов йўллари, пиёдалар йўлкаси, ариқлар ноқонуний қурилмалар, панжаралар билан тўсилди, умумхалқ мулки ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ҳолатлари кўпайди. Маҳаллий ҳокимият идораларининг бунга панжа остидан қараши, баъзан ўзи чиқарган ғалати қарорлари натижасида аҳоли орасида кўплаб қарама-қаршиликлар, норозиликлар келиб чиқди.

Бу мақоламизда фуқаро томонидан катта йўлакнинг ёпиб қўйилиши ва бунинг оқибатида келиб чиққан зиддиятлар ҳақида маълумот берамиз.

Урганч тумани, Оқ-Олтин қишлоғи, Боғдорчи маҳалласидаги Боғиравон кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар маҳалладоши томонидан йўлнинг «ноқонуний қурилма» билан тўсиб қўйилганидан азият чекишаётганини таъкидлаб, уни очиб беришда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилишди. Бир неча йиллардан бери давом этаётган зиддиятга туман ҳокимлиги томонидан чиқарилган қарорлар сабаб бўлган. Бу борада бир неча суд маҳкамалари ўтказилган бўлса-да, ҳозиргача муаммо ечилмаган ва қарама-қаршиликка барҳам берилмаган.

Маҳалла аҳолиси билан учрашиб, уларнинг фикри ва тафсилотларни ўргандик. Ҳужжатлар билан танишиб, вазият ҳақида баҳоли қудрат хулоса чиқаришга уриниб кўрдик.

2001 йили Боғдорчи маҳалласида истиқомат қилувчи Умида Жуманиязовага якка тартибда турар-жой қуриш учун 700 кв.м. ер ажратиб бериш ҳақида Урганч тумани ҳокимлиги қарор чиқади. Унга Оқ-Олтин жамоа хўжалиги вакиллари умумий йиғилишининг 1998 йил 18 августдаги 3-сонли, 1999 йил 26 февралдаги 1-сонли, 2000 йил 27 июлдаги 3-сонли (шуни эсда сақлаб қолинг) ва 2001 йил 1 мартдаги баённомалари асос қилиб олинган.

2013 йили Умида Жуманиязова 700 кв.м. ерга эгалик қилиш ҳуқуқини Шоназар Сапаевга сотади. Бу ҳақда Шоназар Сапаевнинг Урганч тумани прокуратурасига ўз қўли билан ёзиб берган тушунтириш хати бор.

2013 йил февраль ойида Урганч тумани ҳокимлиги Шоназар Сапаевга 700 кв.м. ер майдонига эгалик ҳуқуқини бериш тўғрисида қарор чиқаради. Бироқ, бунга Юқорибоғ қишлоқ фуқаролари йиғинининг Шоназар Сапаевга ер майдони ажратиш ҳақидаги 1998 йил 3 февралдаги №2/1 сонли баённомаси асос қилиб олинади.

Қизиғи шундаки, Шоназар Сапаев 2013 йилга қадар бу қишлоқда умуман яшамаган (бу ҳақда маҳалла фуқаролар йиғини раиси берган маълумотнома мавжуд). Демак фуқаролар йиғинининг унга ер ажратиш ҳақидаги баённомаси бўлмаслиги керак эди. Бу эса расман ўз тасдиғини топди. Янгибозор тумани давлат архиви берган маълумотномага кўра, Юқорибоғ қишлоқ фуқаролари йиғинининг