Халқ таълими вазирлиги “Замонавий мактаб” Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини муҳокамасига қўйди.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, ҳужжатда “Замонавий мактаб” Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий вазифа ва мақсадлари қуйидагича белгиланиши режалаштирилмоқда:

2020 йилдан бошлаб мактабларни замонавий лойиҳалар асосида қуриш, уларни замонавий ўқув жиҳозлари ва анжомлари билан таъминлашнинг норматив-ҳуқуқий асослари ва техник талабларини такомиллаштириш;

қишлоқ ва шаҳар мактабларининг моддий базаси ҳамда таъминланиш даражасидаги тафовутларни босқичма-бочқич камайтириш ва унинг асосида ўқувчиларнинг таълим олишлари учун тенг шарт-шароитлар яратиш;

умумий ўрта таълим мактабларининг энг юқори замонавий талабларга мос келадиган ўқув-моддий базаси билан таъминлаш стандартларини шакллантириш;

мактаб таълимининг янги стандартларига, таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини фаол қўллаш имкониятини яратиш.

Қарор лойиҳаси билан:

2020-2022 йилларда амалга оширилиши мўлжалланган “Замонавий мактаб” давлат дастури;

умумтаълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган манзилли дастури;

2020-2022 йилларда халқ таълими муассасаларининг мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва ўқитишнинг техник воситалари билан таъминлаш дастурининг асосий параметрлари ҳамда қўлбола печлари билан иситиладиган умумтаълим муассасаларини замонавий иситиш тизими билан таъминлаш дастурининг асосий параметрларини тасдиқлаш кўзда тутилган.

Қарор лойиҳасига кўра, 2019 йил 1 декабрга қадар халқаро тажрибалар ва мамлакатнинг табиий-иқлим шароитларига асосланиб, экологик тоза материаллар ва энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланиб, илғор технологиялар ва муҳандислик ечимларини қўллаган ҳолда замонавий умумтаълим муассасаларини янгидан қуриш ва реконструкция қилишнинг намунавий лойиҳалари тасдиқланади.