Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 37-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.

«ЮВЕНТУС» ЧЕМПИОНЛИКНИ НИШОНЛАГАН ЎЙИНИДА «АТАЛАНТА» ҚАРШИЛИГИНИ СИНДИРА ОЛМАДИ

«Ювентус» ўз майдонида мавсумдаги сўнгги ўйинни ўтказди. Шу сабабли, туринликлар беллашувдан кейин чемпионликни мухлислар олдида нишонлашга қарор қилишди.

Рақибнинг «Аталанта» экани ўйинга қўшимча жозибани бағишлади. «Ювентус» бу мавсумда бергамоликлар билан сафарда дуранг ўйнаган, Италия Кубогида эса йирик ҳисобда ютқазиб, мусобақани тарк этганди. Шу сабабли, туринликлар рақибдан ўч олишни ҳам мақсад қилишганди. Аммо «Аталанта»нинг режаси бошқача эди. Жамоа ўз тарихида илк маротаба Чемпионлар Лигасига чиқишга яқин турибди, бу эса футболчиларга қўшимча куч ва иштиёқ берди.

Биринчи бўлимда «Аталанта» устунлиги сезилиб турди. Улар хавфли вазиятларни рақибга нисбатан кўпроқ яратишди. 33-дақиқада эса ҳисоб очилди. Бурчак зарбаси амалга оширилганидан сўнг, Иличич жарима майдони ичида ҳимоячилардан чаққонроқ ҳаракат қилиб, Шченсни дарвозасини ишғол қилди.

Иккинчи бўлимда Аллегри ҳимоячиларни захирага олиб, Бернардески, Манжукич ва Кенни майдонга туширди. Натижада, «Ювентус» босимни ошириб, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. 80-дақиқада Куадрадонинг жарима майдонига етказган тўпини Манжукич яқин масофа ва ўткир бурчак остидан дарвозага йўллади.

1:1 ҳисобида якунланган ўйиндан кейин «Ювентус» чемпионлик унвонини тантанали нишонлаш маросимини ўтказди. «Аталанта» ҳам дурангни «тантана қилди» десак ҳам бўлади. Бу натижадан сўнг бергамоликлар 66 очко билан мусобақа жадвалида 3-ўринни эгаллаб туришибди ва ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш имкониятини сақлаб қолишди.

Ювентус – Аталанта 1:1 (0:1, 1:0)
19 май, «Альянц Стэдиум»
Голлар: 0:1 – 33 Иличич, 1:1 – 80 Манжукич.
Ювентус – Шченсни, Жоау Канселу, Бардзальи (Манжукич, 61), Бонуччи, Алекс Сандро (Бернардески, 46), Куадрадо, Жан, Пьянич, Матюиди (Кин, 85), Дибала, Роналду.
Аталанта – Голлини, Хатебур, Гимшити, Масьелло, Кастань, де Рон, Фройлер, Госенс (Манчини, 62), Гомес (Пашалич, 74), Иличич (Барроу, 78), Сапата.
Огоҳлантиришлар: Алекс Сандро (14), Хатебур (28), Роналду (45), Матюиди (70).
Четлатиш: Бернардески (90).