Ўзбекистон Республикаси Президенти “Республика ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ҳужжат билан 2019-2021 йиллар давомида республика ҳудудларида “Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан енгил конструкцияли ёки бўш турган бино ва иншоотлар негизида ташкил этиладиган 271 та тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган мажмуалар яратилади.
Мажмуалар фойдаланишга қабул қилинганидан сўнг уларни “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига аъзо бўлган корхоналарга ёки тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бошқа тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга, 10 фоиздан ортиқ бўлмаган ставкада лизинг асосида ёки сотиб олиш шарти билан ижарага берилади.
“Ўзпахтасаноат” АЖ “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда лойиҳа ташкилотларини жалб қилган ҳолда бир ой муддатда илғор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, инновацион технологияларга асосланган, арзон ва мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда мажмуаларни ташкил этиш бўйича якка тартибдаги намунавий лойиҳаларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди.
“Ўзпахтасаноат” АЖ таркибига кирувчи тикув-трикотаж корхоналарига лойиҳаларни амалга ошириш доирасида истисно тариқасида:
лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларини ҳамда импорт қилинадиган технологик асбоб-ускуналарни харид қилиш учун тўғридан-тўғри шартномалар тузишга;
ташкил этиладиган тикув-трикотаж мажмуаларини қисқа муддатларда ишга туширилишини таъминлаш мақсадида лойиҳа ва пудратчи ташкилотларни тендер (конкурс) савдоларини ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаш ва молиялаштиришни лойиҳалаш билан параллел равишда амалга оширишга рухсат берилмоқда.
Лойиҳаларни амалга ошириш доирасида (2022 йил 1 январга қадар):
мавжуд тайёр тикув-трикотаж мажмуаларини лизинг асосида ёки сотиб олиш шарти билан ижарага бошқа тадбиркорлик субъектларига берилган кунга қадар фойда ва мол-мулк солиғидан;
республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қурилиш материалларини белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб киришда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилмоқда.
“Ўзпахтасаноат” АЖ таркибига кирувчи тикув-трикотаж корхоналарига, истисно тариқасида, биржа савдолари орқали пахта толасини, кейинчалик уни тўқимачилик корхоналарида ярим тайёр маҳсулотлар шаклида қайтариш асосида қайта ишлаш шарти билан, сотиб олиш ҳуқуқи берилмоқда.

















