20 май куни «Коммерсантъ» газетаси сиёсат бўлими ходимлари — махсус мухбир Иван Сафронов ва бўлим мудири ўринбосари Максим Иванов ишдан бўшатилгани маълум бўлди.

Журналистларнинг билдиришларича, уларнинг ишдан бўшатилишларига Россия Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенконинг лавозимидан кетиши мумкинлиги ҳақидаги мақолалари ва мазкур мақолага эътироз билдирган «акционернинг қарори» сабаб бўлган.

Уларнинг ортидан газета бош муҳаррири ўринбосари Глеб Черкасов ва қатор журналистлар норозилик сифатида ишдан кетишлари ҳақида ариза ёзишган. 

«Ведомости» нашри журналистларнинг ишдан бўшатилиши ҳақидаги қарорни «Коммерсантъ» нашриёт уйи акциядори Алишер Усмонов қабул қилгани ҳақида хабар тарқатди. Алишер Усмоновнинг вакили тадбиркор «Коммерсантъ» мухбирларининг ишдан бўшатилишига алоқаси йўқлиги ҳақида маълум қилди.

«Коммерсантъ» раҳбарларининг фикри

«Коммерсантъ» бош муҳаррири Владимир Желонкин ушбу мақола чоп этилишида «нашриёт уйининг таҳририят стандартлари» бузилганини билдирди.

Желонкин бошқа журналистларнинг ишдан бўшаш хоҳишларини «сохта бирдамлик ва нашриёт уйи раҳбариятига босим ўтказиш мақсади» билан изоҳлади.

Нашриёт уйи акциядори Алишер Усмонов газета ходимларининг ишдан бўшатилиши борасида қарор қабул қилмаган деб маълум қилди тадбиркорнинг вакили. 

Алишер Усмонов
Фото: Алексей Никольский / ТАСС

«Акциядор таҳририят сиёсатига аралашмайди ва унинг устига журналистларни ишдан бўшатиш ёки қабул қилиш бўйича қарор қабул қилмайди. Алишер Бурхонович “Коммерсантъ” ходимларининг ишдан бўшатилганини матбуотдаги хабарлардан билди», — деб айтди Усмонов вакили.

USM Group раҳбари Иван Стрешинский ишдан бўшатишларни мақоланинг «буюртма» тусда эканлиги ва журналистлар бунинг аксини  исботлай олишмаганлиги билан изоҳлади. Желонкин журналистларга ишдан бўшашни таклиф қилган ва томонлар келишувига асосан уларни компенсация тўланган ҳолда бўшатишга келишиб олишган.