Адлия вазирлигининг онлайн бепул юридик маслаҳат беришга йўналтирилган advice.uz платформаси ишга тушгани ҳақида хабар берилган эди. Пойтахтда 25-27 апрель кунлари ўтказилган Tashkent Law Spring халқаро юридик форуми доирасида платформанинг тантанали ишга туширилиш маросими бўлиб, жаҳон ҳамжамиятига ҳам у ҳақида маълумот берилган эди.
Мазкур портал 2019 йил 9 январдаги «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида» ги Президент фармонига асосан ишга туширилган. Платформанинг қулайликлари билан аҳолини яқиндан таништириш мақсадида Адлия вазирлиги вакили Фурқат Тожиев Kun.uzʼга батафсил маълумот берди.
advice.uz қандай қулайликларни тақдим этади?
Платформа барчага ҳар жойда онлайн тарзда бепул юридик маслаҳат беришни мақсад қилади. У орқали қуйидаги ҳуқуқий масалаларга ечим топиш мумкин.
- меҳнат қонунчилиги;
- чет элда ишлаш тартиби — миграция;
- паспорт тизими;
- оила муносабатлари;
- уй-жой, коммунал хўжалик;
- фуқаролар тадбиркорлиги;
- ижтимоий ҳимоя масалалари;
- соғлиқни сақлаш;
- банк, солиқ масалалари;
- транспорт соҳасидаги қонунчилик;
- давлат хизматлари;
- истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
- таълим қонунчилиги;
- суд-ҳуқуқ масалалари, ҳуқуқий ҳимоя;
- мажбурий ижро бюроси, низоларни ҳал қилиш;
- ҳарбий хизмат.
Энг муҳими, агар мурожаатчи ўзини қизиқтирган масала бўйича маълумот топа олмаса, онлайн-маслаҳатчи хизмати мавжуд. Ўша хизмат орқали бемалол малакали мутахассислар орқали саволларга жавоб олиш мумкин бўлади.
Ҳозирда сайт яратилди, ҳуқуқий маслаҳатлар бериляпти. Лекин асосий муаммолар жойларда, ҳудудларда. Шунинг учун ҳар бир туманда www.advice.uz'нинг маслаҳат бюроларини ташкил этиш режалаштирилган. У ерга фуқаролар бевосита келиб, бепул ҳуқуқий маслаҳат олишлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, босқичма-босқич тарзда узоқ аҳоли бориши қийин бўлган ҳудудларни ҳам қамраб олиш мақсад қилинган. Яқин келажакда ҳар бир инсон ҳуқуқий муаммолар ечимини ўз маҳалласидан чиқмасдан туриб топиш имконияти яратилади.














