Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ҳудудларни баҳолашнинг рейтинг тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, мамлакат туман ва шаҳарларига маҳаллий ва хорижий инвесторларни кенг жалб қилишда муҳим омил ҳисобланадиган мавжуд ижтимоий-иқтисодий ривожланиш натижаларини даврий баҳолаш тизими, ҳудудларнинг хусусияти ва ўзига хослигини тўлиқ акс эттириш, маълумотларни тўплаш ва натижаларни замонавий усуллар асосида чоп этиш йўналишларини такомиллаштирилиши зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.

Туман ва шаҳарларни табиий, иқлим, иқтисодий салоҳиятидан, меҳнат ресурсларидан ва бошқа ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, уларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнларини баҳолашнинг ягона тизимини жорий қилиш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда хорижий экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари тасдиқланиши мумкин.

Қуйидагилар баҳолаш кўрсаткичларининг энг муҳим йўналишлари сифатида белгиланади:

аҳоли бандлигини таъминлаш, рақобатбардош меҳнат ресурсларини шакллантириш ва инсон капиталини ривожлантириш;

аҳоли турмуш даражаси ва яшаш сифатини яхшилаш;

аҳоли соғлиғи муҳофазаси ва соғлом турмуш тарзини таъминлаш;

маҳаллий давлат ҳокимият органларининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги.

Бунда, энг муҳим йўналишларга эришишни таъминлаш асослари сифатида:

қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш;

ҳудудий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ва саноатлаштириш, табиий бойликлар ва хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаган ҳолда юқори қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш;

хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш;

озиқ-овқат хавфсизлиги таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш;

ҳуқуқбузарликларни фош этиш ва профилактика ишлари самарадорлиги;
банк-молия соҳасини ривожлантириш;

даврий сўровномалар ўтказиш белгиланади.