Жамият | 12:08 / 22.05.2019
17217
3 дақиқада ўқилади

Ортиқхўжаев бузилган 78-уй эгалари билан учрашди. Камчиликларни бартараф этиш учун 25 майгача муддат белгиланди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев илгари Анҳор бўйида жойлашган ва бузилган 78-уй эгалари билан учрашди. Ҳозирги кунда учрашув иштирокчилари янги манзилда – Қозиробод кўчасида, яна ўша Анҳор бўйидаги 7 та хонадонларнинг эгалари бўлишди.

Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувга Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов, Шайхонтоҳур туман ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев, Капитал қурилиш бош бошқармаси  вакиллари ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги “Мижозларни қўллаб-қувватлаш ягона хизмати” инжиниринг компанияси  директори  Собир Ориповлар ҳам таклиф этилди.

Учрашувга янги уйлардаги коммуникация хизматларининг қисман уланмаганлиги сабаб бўлди. Айни пайтда ушбу уйларда газ ва электр таъминоти йўлга қўйилган. Сув таъминоти эса ҳокимият масъуллари сўзларига кўра, марказий каналга уланган бўлиб, тез орада тўлиқ йўлга қўйилади.

Шунингдек, собиқ 78-уй бошқа аҳолисининг Қори Ниёзий кўчасидаги уйларга кўчиши масаласи кўтарилди. Бироқ, бугунги кунда янги уйларда қурилиш ишлари давом этаётгани сабаб, у ерга кўчиб ўтишнинг имкони йўқ.

Учрашувда фуқаролар ўз муаммоларини айтишди. Хусусан, янги уйга кўчиш жараёнининг кечикаётганлиги ва шу туфайли ҳозирда яшаётган уйларининг ижара ҳақи ошаётгани тўғрисида ҳамда якуний таъмирлаш ишлари билан боғлиқ ноқулайликлар ҳақида ўз муаммоларини маълум қилишди. 30 та велосипед учун тураргоҳ ажратиш масаласи инобатга олиниб, бу борада зарур кўрсатмалар берилди.

Учрашув давомида Жаҳонгир Ортиқхўжаев ушбу камчиликларга йўл қўйган, янги уйлар топширилишининг кечикишига сабабчи бўлган ва бошқа коммуникацион ва таъмир ишлари бўйича сусткашликка йўл қўйган тегишли мутасаддиларни танқид қилди, дейилади хабарда.

Ушбу мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлар назорати Шайхонтоҳур туман ҳокими A.Тўхтаев, унинг ўринбосари, шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича биринчи ўринбосари Д.Ҳидоятов зиммасига юклатилди ҳамда воқеалар ривожи ҳақида ҳокимни хабардор қилиб туриш вазифаси топширилди.

Барча камчиликларни бартараф этиш учун 25 май, шанба кунигача муддат белгиланиб, ижара ҳақи тўлови муаммоси ҳам ижобий ҳал қилинди. Кўчиш ва мебелларни ташиш учун транспорт билан ҳам таъминлаш ҳақида кўрсатма берилди, дея якунланади хабар.

Мавзуга оид