Ўзбекистон энергетика тармоғи мамлакат иқтисодиётининг муҳим бўғинидир. Ҳукмингизга ҳавола қилиб бориладиган туркум мақолаларда соҳада мавжуд долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари тўғрисида сўз боради.

Қиймат занжири

«Электр токи ўчиб қолгач, шаҳар чуқур жимлик қаърига чўмди. Ҳа, шовқин одамлардан чиқмаётган экан...», деган эди Михаил Жванецкий. Ушбу иқтибос асосан йирик шаҳарлар, мегаполислар тўғрисида айтилган бўлса-да, электр энергиясининг ҳар биримиз учун бугунги кундаги аҳамиятини яққол кўрсатиб бера олади. Дарҳақиқат, у бугун мажозий маънода «шовқин» манбаига, яъни деярли барча инсоний ҳаракат, режа, юмуш, интилиш ва мақсадларни амалга ошириш учун зарур воситага айланиб қолди.

Инсоният ахборот асрида яшамоқда. Инновацион қурилмалар, смартфонлар ва турли гаджетлар замонавий цивилизациянинг қўзғатувчи кучи сифатида намоён бўлмоқда. Бу эса электр энергияси тобора жадал суръатларда кундалик маиший ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланиб бораверади, дегани.

Электр токининг кундалик турмушдаги аҳамияти қанчалик юқори бўлмасин, буни унинг мамлакат иқтисодий ҳаётидаги ўрнига қиёслаб ҳам бўлмайди. Бежизга электр энергиясини иқтисодиёт томирида оқаётган қонга ўхшатишмайди. Чунончи саноат, бизнес ва ҳар қандай ишбилармонлик фаолияти учун унинг аҳамияти беқиёс.

Бугун Ўзбекистон иқтисодиётининг барча йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан банк-молия, солиқ маъмурчилиги, кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш, миллий иқтисодиётга чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш ва бошқа қатор масалалар бўйича бошланган ишлар ўзининг ҳал қилувчи палласига кириб бормоқда.

Модомики олдимизга қўйилган мақсад-марраларни йўлдан оғишмай забт этишни истар эканмиз, энергетика, хусусан электр энергетика саноати барқарорлигини таъминлашимиз зарур.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатнинг турли ҳудудлари, айниқса пойтахтдан олис гўшаларда асосан йилнинг совуқ мавсумларида юз бераётган электр энергиясидаги узилишлар мамлакат иқтисодиётига улкан зарар келтирмоқда.

Ушбу зарар кўлами «қиймат занжири» (Value Chain) нуқтаи назаридан қараганда қанчалик катта эканини тасаввур қилиш оғриқлидир.

Маҳсулотлар ва хизматлар бозорида ҳар бир корхона ўз фаолият йўналишидан келиб чиқиб истеъмолчи учун «қиймат» яратади. Истеъмолчига етказиб бериладиган деярли барча маҳсулотлар ёки кўрсатиладиган хизматлар истеъмолга яроқли ҳолга етиб келгунича у ёки бу жиҳатдан қиймат қўшувчи бир неча мураккаб босқичларни босиб ўтади. Кўп ҳолларда бу жараёнларда бир неча корхоналар иштирок этади.