Пайшанба куни Пентагон Оқ уйга Яқин Шарққа АҚШ Қуролли кучларининг қўшимча контингентини жўнатиш режасини тақдим этади. Гап минглаб ҳарбийлар ҳақида бормоқда - бу аскарлар минтақада АҚШ ва Эрон ўртасида таранглик юзага келгани муносабати билан «ҳимоя мақсадлари»да юборилиши кўзда тутилмоқда. 

Эрон қирғоқлари яқинида аллақачон «Авраам Линкольн» авиаташувчиси навбатчилик қила бошлади
Фото: CATI CLADERA

Associated Press агентлиги ва CNN телеканали бир вақтда ўз шахсини очиқлашни истамаган бир неча америкалик амалдорларга асосланган ҳолда хабар бердики, Мудофаа вазирлиги (Пентагон) АҚШ президенти маъмуриятининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ходимларига АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий қудратини кучайтириш ҳақидаги режани тақдим этган. Гап бу ҳудудга 10 минг нафар аскар жўнатиш ҳақида кетмоқда.

Reuters мухбирларининг аниқлашича, аввалига АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Пентагонга қўшимча 5 минг ҳарбий жўнатиш бўйича сўров юборганди.

CENTCOM масъул бўлган ҳудудларда 21 мамлакат жойлашган: шу жумладан, Эрон, Афғонистон, Ироқ, Сурия, Яман ва Ўрта Осиё давлатлари - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон.

Бундан ташқари, CENTCOM Қизил денгизи, Форс кўрфази ва Ҳинд океанининг ғарбий қисмидаги халқаро сувларини назорат қилади.

CENTCOM Осиёдаги 21 давлатга, жумладан Форс кўрфазига масъул
Фото: REUTERS

Оқ уй Пентагоннинг ташаббускори CENTCOM бўлган сўровини қаноатлантирадими? Бу ҳозирча мавҳум.

Биринчидан, АҚШ Мудофаа вазирлиги одатда бутун дунё бўйлаб жойлашган қўмондонликларидан қўшимча ресурслар юбориш ҳақидаги сўровларга рад жавоби беради.

Иккинчидан, Оқ уй ва Пентагон Яқин Шарқда ҳарбийлар сонини ошириш керак эмас ёки ҳозирча керак эмас деган қарорга келиши мумкин.

Учинчидан, бирданига 10 минг ҳарбий жўнатишга зарурат бўлмаслиги мумкин. Уларнинг бир қисми Эронни тийиб туриш учун зудлик билан ҳудудга ташланиши, қолгани вазият ўзгаришига қараб жўнатилиши мумкин.