10:10 / 24.05.2019
63473

«Боғча йўқ, гузар йўқ, сув йўқ, иш йўқ». Попдаги 50 йилдан бери «унутилган қишлоқ»қа сафар

Поп туманига Андижон томондан йўлингиз тушса, Олтинкўл, Балиқчи, Улуғнор, сўнг Наманганнинг Мингбулоқ, Уйчи, Тўрақўрғон ва Чуст туманларини босиб ўтасиз. Тоғ ва адирликлар ўртасидаги Ғурумсаройдан сўнг Поп шаҳарчаси кўринади.

Юқорида санаб ўтган жой номларини бежиз келтирмадик. Чунки, кўп эшитилган номлар эди-да... Кўриб, танишиб ўтдик. Гавжум, ҳарқалай одамлар учун ҳаминқадар шароитлар мавжуд масканлар.

Бироқ Поп тумани марказидан бор-йўғи 10 километр масофадаги Янгиер қишлоғига борганимизда, бизни кутиб турган юзи асабий кишиларни кўрдик. Билсак, бу қишлоқ аҳли юртда олиб борилаётган барча ислоҳотлар-у лойиҳалардан бебаҳра қолибди.

Бу қишлоққа охирги йигирма йил бирор мутасадди оёқ босмагандек.

Янгиерликлар жуда тўлиб туришган экан. Улар биз шунчаки мухбир эканлигимизни унутишди чоғи, «Нега ундай, нега бундай?», дея саволга тутиб ташладилар.  

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

«Ўзинг учун...»

Шу ерлик фермер хўжалиги вакили бизни қишлоқдаги бор камчиликларни кўриш учун айлантиргани олиб чиқди. Унинг икки шериги йўл-йўлакай қишлоқда сув, электр таъминотидаги камчиликларни тушунтиришар эди. Янгиерликлар ихтирочи бўлиб кетишибди. Улар кўчаларга электр тармоғини оддий калтак ёки кичик новдадан симёғоч ясаб ўтказса бўлишини исботлашган. Наманган вилоят ва Поп туман электр тармоқлари ҳали бу манзилга келишни ўйлаб кўрмаган бўлса керак. Йўлларни-ку гапиришга ҳожат йўқ.

Маҳалла кишилари бизни аҳоли томонидан ичимлик суви қудуғи қазиш учун ҳаракат қилинган майдонга олиб боришди. Қишлоқнинг ҳар бир оиласи киши бошига 27 минг сўмдан пул йиғиб, қишлоқнинг бир жойидан сув қудуғи кавлашибди. Ҳокимиятга қилинган ўнлаб мурожаатлар наф бермагач, аҳоли ўзи уринмай, нима қилсин?!

Қўқондан усталар ёлланиб, ўн кун давомида 200 метр чуқурликдан тоза ичимлик суви чиққан. Ҳамма хурсанд. Аммо афсуски чуқурликдаги сувни тортувчи насос электр энергияси қуввати камлиги учун ишламаган. Ҳамманинг «пақири қўлидан тушиб» қайтиб кетибди.

«Мен, Мадалиев Жумавой, 51 ёшга кирдим. Эсимни таниганимдан бери маҳалламизда ичимлик суви бўлмаган. Бир пайтлар сув минорамиз бўлар эди. Уни ҳам «Сувоқова» ташкилоти қаергадир олиб кетди. Қишлоқдаги оилалардан жон бошига 27 минг сўмдан пул йиғиб, қудуқ кавлатсак ток етмай бу ҳам чиқмай турибди. Кўриб турганингиздек, электр тармоқлари хабар олмай қўйганига ҳам узоқ вақт бўлгани учун, тармоғимиз ҳам чатоқ. Лампочкаларимиз ток кучи озлигидан лимонга ўхшаб сарғайиб туради. Вилоят ва туман ҳокимлигига мурожаат қилавериб қийналиб кетдик. Бизнинг қишлоқни ҳам ўйлайдиган мутасадди бормикин?», дейди аҳоли вакилларидан бири.

Ишламай турган «умид қудуғи»дан кетиб, маҳалла томон юрдик.

Бизни маҳалланинг асосий муаммолари кутиб турар эди.

Аҳоли дарди: «Маҳаллада жигар циррози эпидемияси тарқаган. Сабаби аниқ»

30 нафардан зиёд киши маҳалланинг «уч кўчаси»да сув келишига йўл қараб турган экан (маҳаллада гузар ҳам йўқ). Уларнинг дарди, ҳасратлари бир олам эди. Ўзимиз билан Поп тумани ҳокимлиги мутасаддиларидан бирини таклиф қилиб олиб келмаганимизга афсусландик.

Энгашиб, ариқдаги лойқа сувни ичаётган болакайларни кўриб раҳмингиз келади.

«Муаммоларимиз қалашиб ётибди. Ичимлик суви масаласи биринчи ўринда. Мактабга қатнайдиган болаларимизнинг ҳар бирининг ёнида «баклажка»си бор. Бу - сув идиши. Неча йиллардан бери ёзмаган жойимиз қолмади. Ювиниш энг катта муаммо. Ариқнинг ифлос суви туфайли маҳалладан юқумли касалликлар аримай қолган. Болалар ўртасида сувчечакка чалинганлар жудаям кўп, қизамиқ, терлама ва бошқа ички юқумли касалликлар эпидемия даражасида. Энг ёмони, аҳоли ўртасида оққон ва жигар циррози каби бедаво касалликлар кўпайган. Бизнинг оҳимизни ҳам кимдир эшитармикан?», дейди Роҳила опа Бойқўзиева.

Тўпланганлар бири олиб, бири қўйиб, маҳаллада «чипқон»дек кўпайган «яра»ларни айтиб бера бошлашди.

Жумавой ота муаммолар юзасидан жуда кўп жойларга мурожаат қилиб чарчаган экан.

«Мен бола бўлган вақтларда ҳам маҳалламиз аҳли сувни эшак аравада ташиб ичарди. Қарангки, неча йиллар ўтса ҳам ўзгариш бўлмади. Маҳаллада гепатит юқумли касалликларининг барча туридан бор. Ўзимнинг ўғлим ҳам жигар циррозига чалинди. Унинг уч-тўрт тенгқури мана шу касаллик билан оғриб вафот этиб кетди. Наҳотки, келажак авлод ҳам худди биз сингари сувга зор бўлиб, бошқа қулайликларни кўрмай яшайди?

Бош урмаган ташкилотимиз қолмади. Юқорига қилган мурожаатларимиз айланиб яна туманга келиб, қумга синггандек йўқ бўлиб кетяпти. Ичимлик сувини кавлаб чиқариш мумкин бўлган жаннатмакон жойда мана шу ҳолда яшайверамизми?», дейди у.

Маҳаллада жами 3491 киши истиқомат қилади. Хонадонлар сони 785та. 7 ёшгача бўлган болалар сони 488 нафар экан. Қишлоқда боғча йўқ. Ўзбекистонда мактабгача таълим соҳасига берилаётган эътибор бу жойларга ҳали етиб келмабди. Болалар тарбия оладиган маскан қуриш ҳеч кимнинг хаёлида йўқ. Ток кучи пастлигидан кечаси хира нур таратадиган лампочкаларда дарс тайёрлаб ҳам бўлмайди.

Кўча тўла болаларни кўрдик. Оналар қўшни қишлоқ боғчасига болаларни олиб боришнинг иложи йўқлигини айтишди. Қўшни қишлоқ боғчасида ошиқча жойнинг ўзи йўқ экан.

Янгиерда гузар, сартарошхона, косибхона, устахона, чойхона деган сўзларни эшитишган. Фақат эшитишган.

Бир пайт сигнал чалиниб сув ташийдиган машина келиб қолди. Ҳамма ўша томонга югурди. Жажжи болачаларнинг ҳам бир қўлида челак, бир қўлида пул...

Ҳокимлар мақолангизни кўрадими?

«Маҳаллада иш ўрни, аҳоли учун шароит яратиш керак. Мен ҳам тинимсиз мурожаат қилиш билан овораман. Самара йўқ», дейди МФЙ раиси Турсунали Суннатов.

Наҳотки, вилоят, туман ҳокимликлари, сектор раҳбарлари яна кўпдан-кўп тузиладиган ишчи гуруҳлар Янгиер қишлоғига одамлар дардини тинглаш учун келмаган бўлса?

Аҳоли вакиллари ишчи гуруҳлар қадам ранжида қилганини айтишди. Фақат улар келиб, «ўз ёндафтари ва ручкасини овора қилиб кетишган».

«Ўзи ҳокимлар сиз тайёрлаган мақола ва кўрсатувни кўрадими?», дейди биз билан суҳбатда онахонлардан бири.

Ҳурматли Наманган вилояти ва Поп тумани мутасаддилари! Илтимос, Янгиер қишлоғига бориб, шароитни ўрганинг. Аҳоли сизларни кутяпти...

Элмурод Эрматов, Поп
Kun.uz мухбири
Тасвирчи: Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top