Ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво билан иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов таништиради.

Қишлоқ хўжалиги учун. Ҳафтанинг биринчи ярмидаги илиқ ва қуруқ ҳаво дала ишлари учун қулай бўлса-да, ёғингарчиликнинг камлиги суғоришга бўлган эҳтиёжни сақлаб туради. Жануб, Бухоро ва Навоийда +35…+37 даражагача иссиқ ҳаво кеч пишар экинларда, боғ ва узумзорларда намликнинг йўқотилишини ошириши мумкин.

Ҳафта охирида шимолдан кирувчи салқин ҳаво тунги ва тонгги ҳароратнинг пасайиши билан кузги агрометеорологик шароитга ўтишни тезлаштиради.

Соғлиқни сақлаш учун. Илиқ ҳаводан салқин ҳавога ўтиш, айниқса кекса ёшдагилар ва сурункали нафас ҳамда юрак-қон томир касалликлари бор кишилар учун сезиларли бўлиши мумкин.

Тошкент ва Фарғона водийсида антициклон таъсирида шамолнинг сусайиши майда заррачалар тарқалишини чеклаши эҳтимоли бор. Бироқ ҳозирча чангнинг кескин ортишига сабаб бўлувчи кучли метеорологик омиллар кўринмаяпти.