Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 май куни Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Талабалар шаҳарчаси мамлакатимиздаги йирик таълим ва илм-фан масканидир. Бу ерда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Маънавият ва маърифат маркази, коллеж ва лицейлар, спорт мажмуалари жойлашган. Икки университетда қарийб 25 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда.

«Президентимиз ташаббуси билан шаҳарча ҳудудининг бошланишида, «Беруний» метро бекати ёнида Беруний майдони барпо этилди. Абу Райҳон Берунийнинг Техника университети олдидаги ҳайкали шу ерга кўчирилиб, атрофи обод қилинди. Алломанинг буюк мероси ҳақида маълумот берувчи тош лавҳлар ўрнатилди. Булар ўзига хос мажмуа ҳосил қилиб, Талабалар шаҳарчаси илмий салоҳиятининг яна бир рамзи бўлди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.


Давлат раҳбари ушбу мажмуани кўздан кечирди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 2 декабрь куни Талабалар шаҳарчасига ташриф буюриб, Инновацион ривожланиш вазирлиги учун бино қуриш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Шунга мувофиқ бу ерда беш қаватли замонавий бино бунёд этилмоқда. Вазирликда иқтисодиёт тармоқларининг инновацион эҳтиёжларини ўрганиш, ёшлар инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш хизматлари, масофавий таълим курслари йўлга қўйилади. Янги ишланма ва технологиялар намойиши, стартап лойиҳалар иқтидорли ёшларда илмий-тадқиқот кўникмаларини шакллантиришга ёрдам беради.

Бинонинг биринчи қаватида кутубхона, амфитеатр, холл, кўргазмалар зали жойлашади. Юқори қаватларда коворкинг ва стартап ҳудудлар, интернет лабораториялар, анжуман заллари бўлади. Аэрокосмик лаборатория, устахона, реклама агентлиги ҳам ташкил этилади.


















