Иқтисодиёт | 07:56 / 25.05.2019
10448
3 дақиқада ўқилади

Президент қарори: экспорт қилувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби ўрнатилади

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси президенти “Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг экспорт қилувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартибини ўрнатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси экспорт қилувчиларга:

тижорат банкларининг экспортолди кредитлари, шу жумладан, айланма маблағларни тўлдириш учун берилган кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашга, миллий валютадаги кредитлар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 10 фоизлик пунктдан кўп бўлмаган миқдорда, хорижий валютадаги кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 40 фоизи, бироқ 4 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорда компенсация тақдим этади;

тижорат банкларининг кредитлари, шу жумладан, экспортолди кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 4 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик беради.

Белгиланишича, ушбу бандда назарда тутилган қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 29 ноябрдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5587-сон фармони 1-иловасида кўрсатилган хомашё товарлари экспортига нисбатан татбиқ этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Жамғарманинг буюртманомалари асосида 2019-2020 йиллар давомида ушбу бандда кўрсатилган мақсадлар учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 50 миллиард сўмгача миқдорда маблағ ажратади.

Ўзбекистон банклари ассоциацияси тижорат банклари билан биргаликда экспорт қилувчи корхоналарни, шу жумладан, айланма маблағларни тўлдириш учун кредитлар бериш орқали молиялаштириш турларини кенгайтиради.

Маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га рўйхатга мувофиқ маҳсулотларни экспорт қилишда темир йўл транспортида ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш механизми жорий қилинади.

Белгиланишича, ушбу бандда назарда тутилган қўллаб-қувватлаш чораси қўшни давлатларга экспорт қилинадиган маҳсулотларга татбиқ этилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги маҳсулотни экспортга ташиш харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилган ҳолда ушбу банд билан тасдиқланган рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид