Мен учун дўзах - футбол ўйнаш имкониятидан маҳрум бўлишдир. Ҳаммаси мана шунақа оддий.

Ҳаётимнинг аксарият қисмида мен қийинчиликларга дуч келмаганман, ҳаммаси жуда силлиқ кечган ва мен жуда ёшлигимдан бошлаб, орзуларим билан яшай бошлаганман. 17 ёшимда «Сариқ девор» (Дортмунднинг фанатлар трибунаси) қаршисига чиқдим. Дунёнинг энг буюк икки мураббийи қўл остида ўйнадим. 22 ёшимда жаҳон чемпионати финалида гол урдим. Ростини айтсам, ёш эдим, эришган нарсаларимнинг қадри ҳақида унчалик ўйламасдим, табиийки. Касал бўлиб қолганимда эса... Ҳаммаси кетди. Йўқ, келинг бир бошдан. Аввал яхши хотиралар ҳақида гаплашайлик. Масалан, мистер Клопп ҳақида. 

Менинг биринчи мураббийим - у менга 17 ёшимда майдонга тушиш имконини берганди. Уни ҳозир «Ливерпуль»да кўриш ҳам қизиқ - у доим, ОАВ олдида ҳам жуда самимийлигича қолган. Доим нимани ўйласа, ростини гапиради. Одамлар майдон четида Клоппнинг бир қисмини кўрадилар, холос. Аслида, унинг жуда жиддий тарафи ҳам бор. Ўн етти ёки ўн саккиз ёшимда, агар машғулотларда бор кучимни бермаётганимни сезиб қолса, мени қувлаб олдимга келар, елкаларимдан ушлаб бақирарди. 

У мен билан қандай муомала қилишни жуда яхши биларди. У - ажойиб мураббий, лекин ундаги энг муҳим жиҳат, шахсият, инсонийлик жиҳатидир. Айниқса, мен каби ёш футболчи учун. У каби қувноқ инсонни учратмаганман. Ҳеч эсимдан чиқмайди, ёзда уни Дюсселдорфда кўриб қолгандим. Клопп у ерда соч эктириш бўйича қандайдир мутахассиснинг олдига борган экан. Бу Германияда шов-шув бўлиб кетганди, у эса, фақат кулар, янги сочлар билан қандай ажойиб кўриниши мумкинлигини менга айтиб берарди. Кетаётиб эса, менга кўзини қисди ва деди:

- Марио, хавотир олма, мен телефон номерини сақлаб қўяман.

- Нега бунақа деяпсиз?

- Докторнинг номерини айтяпман. Сен учун. Бир неча йиллардан кейин у сенга ҳам керак бўлади.

У кулди ва кетди. Аксарият одамлар бундай ҳолатлардан бироз уяладилар ва индамай қўя қоладилар. Унга эса, фарқи йўқ эди. Ажойиблигича қолар ва бу албатта, атрофдагиларга ҳам таъсир қиларди. У менга Дортмундда имконият берди, бунинг учун миннатдор бўлишим керак. Ўн ёшимдан йигирма ёшгача ўзим яшайдиган шаҳар жамоасида яшадим, ўйнадим, ҳеч қандай муаммо ҳис қилмадим. Кейин эса, кетишга қарор қилдим.

Кўпчилик ўша қароримни тушунмайди. Бу бир кечада қилинадиган қарор бўлмаган, бу қарорга мен йил давомида келганман. «Бавария» таклифи аслида бир йил олдин тушган, лекин мен рози бўлмагандим. Пеп Гвардиола уларнинг бош мураббийига айланиб, қайтадан таклиф этишганда эса, нима қилишни билмай қолдим.