Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети қошидаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари ўтган уч йил давомида бир нечта алифбо лойиҳасини эълон қилди. Ҳар сафар янги алифбо лойиҳаси эълон қилингач, интернетда, ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозаралар авж олди, турли таклиф-у эътирозлар билдирилди.

Тан олиш керак, Ишчи гуруҳ аъзолари жамоатчилик томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни ўрганиб, алифбо лойиҳаларини тобора такомиллаштириб борди. Ниҳоят, яқинда Ишчи гуруҳ томонидан ислоҳ қилинган алифбонинг якуний варианти эълон қилинди. Мана, ўша алифбо лойиҳаси:

Очиғи, бошидан айтиб қўяй, менга ушбу алифбо лойиҳаси жуда маъқул бўлди. Биргина мен эмас, жорий алифбомизнинг ноқулайликларини ва янги лойиҳанинг афзалликларини чуқур ҳис қилган, замонавий технологиялар талабларини яхши англаган барча юртдошларимиз ушбу алифбо лойиҳасини қўллаб-қувватламоқда. Сабаби:

1) ушбу алифбо туфайли шу пайтгача ёзувда дуч келинаётган деярли барча техник ва имловий муаммолар ечим топади;

2) алифбомиз тугал ва кўркам ҳолатга келади;

3) турли қарашга эга ватандошларимизнинг фикр-мулоҳазалари инобатга олингани учун мазкур алифбо барча ҳамюртларимизни ягона ёзув атрофига бирлаштиради. Яъни:

·                        Ó/ó, Ǵ/ǵ, Ç/ç ва Ş/ş ҳарфларининг жорий этилиши туфайли ёзиш ва ўқиш жараёни ҳар томонлама енгиллашади;

·                        O‘/o‘ ва G‘/g‘ ҳарфларининг тескари акс белгисидан қутуламиз ва матнларимиз орасидаги бўшлиқлар йўқолиб, кўркамлашади;

·                        миллий ва замонавий жиҳатлар уйғунлашгани учун лойиҳа ёшу қари, илм-фан ва кенг жамоатчилик вакилларининг талабига бирдай жавоб беради.