Бухоро шаҳридан тадбиркор Ҳаким Бобоқулов тўрт йилдан буён ўзини қийнаб, ечимини топмай келаётган масаласи юзасидан Kun.uz’га мурожаат йўллади. Мурожаат мазмуни билан танишиб, уни жойида ўрганиш ва мурожаатчи билан учрашишга қарор қилдик.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Бухоро шаҳар ҳокимининг 2015 йил 21 апрелдаги №598-сонли қарори асосида шаҳарнинг Газли шоссеси ёқасида жойлашган мини-футбол майдончаси ва кийиниш хоналари биноси қуриш учун мўлжалланган 1750 кв.м.дан иборат ер майдони амалдаги ер қонунчилиги асосида танлов савдоларига чиқарилган эди. Ҳ.Бобоқулов танлов комиссиясининг 2015 йил 22 июндаги 30-сонли баённомасига асосан танлов ғолиби деб топилади. Шу куни тадбиркор ва Бухоро шаҳар ҳокимлиги ўртасида «Танлов мажбуриятларини бажариш тўғрисида» 270-сонли шартнома тузилди, шунингдек, ўша йили 10 июнда 311-сонли АРТ (архитектура-режалаштириш топшириғи), лойиҳа-смета ҳужжатлари келишилиб, тасдиқланган ва давлат экспертизасидан ўтказилган.

Бироқ, мазкур ер майдони Бухоро шаҳар ҳокимлиги захира ер фонди ҳисобига қайтарилиши мўлжаллангани сабабли Ҳ.Бобоқуловга 2016 йил 20 январь санасида шаҳар ҳокими В.Ўринов томонидан худди шу ер майдонидан кам бўлмаган ер майдони ажратиб берилиши ҳақида 01/86-сонли кафолат хати тақдим этилади.

Шундан сўнг, тадбиркорнинг танловдан ютган, бироқ олиб қўйилган 17,5 сотих ери эвазига Бухоро шаҳар ҳокимининг 2016 йил 1 апрелдаги №506-сонли (Алпомиш кўчаси ёқасидан 620 кв.м. ер майдони ажратиш ҳақида), №507-сонли (Газли шоссеси ёқасидан 156 кв.м. ер майдони ажратиш ҳақида), №508-сонли (Мустақиллик кўчаси ёқасидан 75 кв.м. ер майдони ажратиш ҳақида) — жами 851 кв.м ер майдонига қарорлар чиқариб берилади.

Бироқ қолган 899 кв.м ер майдони эвазига Ҳ.Бобоқуловга ҳанузгача ер майдонлари ажратиб берилмаган. Устига-устак, тадбиркорга 2016 йил 1 апрелдаги №506-сонли қарор асосида Алпомиш кўчаси ёқасидан ажратилган 620 кв.м. ер майдонидан 200 квадрат метри қайтариб олинди. Бунинг эвазига Бухоро шаҳар ҳокими томонидан ушбу олиб қўйилган 2 сотих ер майдони эвазига худди шунга тенг ер майдони ажратиб бериш ҳақида яна кафолат хати берилади.