24 май куни бўлиб ўтган Олий суд Пленумининг мажлисида қонун ҳужжатларининг айрим нормаларини қўллаш қоидалари тушунтирилди, деб ёзмоқда Norma. 
 
Мажлисда Олий суд Пленумининг «Жиноят ишларини назорат тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида», «Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида» ва «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси нормаларини биринчи инстанция судида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарорлари лойиҳалари муҳокама қилинди.
 
Биринчиси Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритилгани муносабати билан ишлаб чиқилди. Ҳужжат билан ЖПКга мувофиқ суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими, қарори устидан шикоят бериш ҳуқуқи суд ишини юритишда айблов томони (прокурор, жабрланувчи ёки унинг вакили, фуқаровий даъвогар ёки унинг вакили) ва ҳимоя томони (айблилик тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб, жиноят иши тугатилган шахс, маҳкум (оқланган шахс), унинг ҳимоячиси ёки қонуний вакили, фуқаровий жавобгар ёки унинг вакили) иштирокчисига берилганлиги тушунтирилди.
 
Суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқи, шунингдек мазкур қарорлар ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатларига дахл этган бошқа шахсларда ҳам мавжуд. Улар жумласига, масалан, гаровга берувчи ёхуд даъвони таъминлаш ёки ҳукмни ижро этиш тартибида мол-мулки хатланган шахс киради. Фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари суд ҳужжатларининг фақат фуқаровий даъвога оид қисми устидан шикоят беришга ҳақли. Оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили ҳукмнинг оқлов сабаблари ва асосларига оид қисми устидан шикоят беришга ҳақли. Бошқа шахсларга суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқи берилмаган.
 
Назорат тартибидаги шикоят, протест бевосита Олий судга берилади. Назорат тартибида иш юритиш фақат апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича қўзғатилади. Қонунда шикоят (протест) бериш учун бирон-бир муддат белгиланмаган. Шу билан бирга, ҳукм (ажрим) қонуний кучга кирган кундан бошлаб 1 йил ўтгандан сўнг берилган шикоят (протест), башарти унда оғирроқ жиноятга доир қонун моддаларини қўллаш зарурлиги, жазони кучайтириш ёки маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган бошқа ўзгаришлар назарда тутилган бўлса, назорат инстанцияси суди томонидан кўрилиши мумкин эмас. Масалан, маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топиш, жазони ижро этиш колониясининг қаттиқроқ турини белгилаш, шартли ҳукмни бекор қилиш, мулкий зиён миқдорини кўпайтириш, башарти бу жиноят квалификацияси ёки айблов мазмуни маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга ўзгаришига олиб келса ва ҳ. к. Шунингдек, оқлов ҳукмини ёхуд суднинг ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини бекор қилиш масаласи кўтарилган бўлса, ушбу шикоят (протест) ҳам кўрилмайди.