Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 май куни тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарини ишга тушириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
«Тадбиркорликни ривожлантириш – мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналиши этиб белгиланган. Кейинги йилларда бизнес муҳитини яхшилаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича фармон ва қарорлар қабул қилинди. Рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишлар қисқартирилди. «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Yoshlar – kelajagimiz» дастурлари тадбиркорлик истагидагиларни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда. Натижада янги ташкил этилган субъектлар сони 2,3 бараварга кўпайгани бунинг тасдиғидир.
Бироқ, жойларда бюрократия, таъмагирлик ва тадбиркор фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳали ҳам учраб турибди. Мисол учун, жорий йилнинг биринчи чорагида Президент Халқ қабулхоналарига тадбиркорлардан 16 мингта мурожаат тушган. Улар асосан ер ажратиш, газ, электр ва сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, кредит, солиқ масалаларига тааллуқли. Икки мингга яқин мурожаатда мансабдорларнинг хатти-ҳаракатларидан норозилик билдирилган.
Бу муаммоларни тизимли ҳал этиш, тадбиркорларга чинакам кўмак бериш мақсадида жорий йил 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилиши белгиланди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда мазкур қабулхоналар фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари муҳокама қилинган.
Президент Савдо-саноат палатаси раиси ва адлия вазири раҳбарлигида Республика ишчи гуруҳи тузиб, жойларда тадбиркорлар билан очиқ, амалий учрашувлар ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Аниқланган муаммоларнинг ҳудудга тааллуқлиси вилоят ҳокимига, республика даражасидагиси эса Бош вазирга берилиши, улар ҳафтада бир кун қабулхона масалалари билан шуғулланиши кўрсатиб ўтилди.
Қайд этилганидек, қабулхоналар иши уч босқичда олиб борилади. Аввало, қабулхонада тасдиқланган кунлик жадвал асосида ҳокимликлар, Савдо-саноат палатаси, инвестиция бошқармаси, прокуратура, адлия, солиқ, қурилиш, кадастр, банк ва бошқа ташкилотлар вакиллари тадбиркорларни қабул қилади.
















