Кейинги пайтларда юртимизда рўй бераётган ташқи сиёсатда конструктив ва ўзаро манфаатга асосланиб амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар натижасида Марказий Осиё минтақасида жойлашган қўшни мамлакатлар билан кўп қиррали ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, халқларимиз дўстлиги тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Ана шу ислоҳотлар ва янгиланишлар натижаси ўлароқ, 2018 йил 1 мартдан бошлаб Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида жойлашган халқаро мақомга эга бўлган «Жартепа» чегара ўтказиш пункти қайта ўз фаолиятини бошлади.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ўтказиш пунктида божхона органи ходимлари билан бир қаторда давлат ветеринария, санитария, ўсимликлар карантини ва чегара хизмати ходимлари ҳам назорат фаолиятини олиб боришади.
Божхона постида чегара орқали ҳаракатланувчи фуқароларга барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, кириш ва чиқиш залларида иситиш-совутиш тизими жиҳозланган, постда ногиронлик ва юк ташишга мўлжалланган аравачалар мавжуд.
Ўрнатилган пештахталарда эса фуқаролар ўзлари билан олиб ўтиши мумкин бўлган товар-моддий бойликлар меъёрлари ҳамда валюта қимматликлари тўғрисида барча маълумотлар ўзбек, тожик ва рус тилларида кўрсатиб ўтилган.
«Жартепа» чегара божхона пости очилганидан шу кунга қадар, киришда 460 мингга яқин, чиқишда 455 мингдан ортиқ, жами 915 минг нафар йўловчилар ҳаракатланган бўлиб, кунига ўртача 2100–2200 нафар фуқаро божхона кўриги ва расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.
Пост орқали ўтган давр мобайнида жами 61 мингта, шундан киришда 30 мингга яқин ва чиқишда 31 мингдан ортиқ, кунига ўртача 140-150 та автотранспорт воситалари ҳаракатланмоқда.
Божхона назоратини амалга оширишда божхона тартиб-таомилларини амалга оширишнинг давомийлигини қисқартиришга устувор вазифа сифатида қаралиб, божхона ходимлари томонидан ҳар бир енгил автомашина ўртача 15–20 дақиқада божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.
Божхона назоратини амалга ошириш мақсадида замонавий «Rapiskan», «Nuctech» русумли рентген аппаратлари, кузатув камералари, назорат техник воситалари ва жиҳозлари билан таъминланганлиги фуқаролар ҳамда уларнинг қўл ва багаж юкларини тезкор тартибда божхона назоратидан ўтказиш имкониятини бермоқда.













