Самарқандда одамлардан автомобилларини сотиб беришни ваъдаси билан олиб, пулини бермай юрган ички ишлар ходимига нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Мазкур жиноят ва унда гумонланаётган лейтенант Бунёд Яздонов ҳақида Kun.uz аввалроқ суриштирув эълон қилган эди.

“Севимли” телеканалининг “Замон” дастури хабарига кўра, ушбу шахс жиноий эпизодларнинг биринчи қисми бўйича судда 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Фирибгарликда айбдор деб топилган Бунёд Яздонов ИИБ йўл-ҳаракати хавфсизлиги хизмати лейтенанти бўлган. Унга ишониб алданган фуқароларнинг ишончига аввало унинг формаси ва лавозими сабаб бўлган. Одамлар уни давлат тизими вакили сифатида қабул қилган. Чунки у фуқаролар олдига формада, хизмат машинасида келган. Одамлардан қимматбаҳо машиналарини сотиб беришини, қисқа муддатда пулларини қайтариб беришини айтиб ишонтирган.

Тойлоқ туманида ўнлаб, эҳтимол юзлаб одамлар унинг ваъдаларига алдангани айтилмоқда. Жабрланганлар сони кўп, шу боис етказилган зарар миқдори ҳам катта. Бунёд Яздонов суддаги кўрсатмасида миллионлаб долларлар ҳақида гапирган.

“Бу мавзу тўрт йилдан бери давом этяпти. Келади, машинам бор дейди. Келади, пулим бор дейди. Келади, уйим бор дейди... Кимга ёқмайди 10 минг доллар пулини 15 минг доллар қилиб... Масалан, битта фуқаро пул берган бўлса, иккинчисини еталаб келади.

Кўчадан олган бўлсам, бошида зўр бўлса 1 млн доллар пул олганман, ҳисобласа 1 млн долларга ҳам етмайди. Ҳозирги кеча-кундузга ҳисобласангиз, 3 млн... эҳ-ҳе, тўланган пуллар тахминан 2 млн долларга яқин. 5 млн, деярли 6 млн доллар менинг бўйнимга эски фоиз-моиз билан қўшилиб келяпти”, – деган собиқ ИИБ ходими.

Бунёд Яздонов судда бир аёлнинг ваъдаларига ишониб, ушбу ҳолатга тушиб қолганини айтган (бу аёл ҳақида Kun.uz суриштирувида ҳам сўз борганди).