Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган МДҲга аъзо давлатларнинг ички ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун МДҲга аъзо давлатларнинг Ички ишлар вазирлиги ва Полицияларининг делегациялари бирин-кетин мамлакатга ташриф буюришмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, 2019 йилнинг 30 майдан 1 июнга қадар пойтахтда бўлиб ўтадиган йиғилишда Озарбойжон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Арманистон Республикаси Полицияси, Белорусь, Қозоғистон, Қирғизистон Республикалари, Россия Федерацияси, Тожикистон ва Туркманистон Ички ишлар вазирликлари, шунингдек МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида Уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли турдаги жиноятчиликка қарши курашни мувофиқлаштириш бўйича бюроси, МДҲнинг Антитеррор маркази, МДҲ Ижроия қўмитаси ҳамда Ижроия қўмита ҳузуридаги ички ишлар вазирлари кенгаши раҳбарлари ва вакиллари иштирок этади.
Йиғилишда жиноятчиликка қарши курашиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва мустаҳкамлаш, тажриба ва ахборот алмашиш масалалари муҳокама қилиниши режа қилинган.
Эслатиб ўтамиз, МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг Қарори билан Ички ишлар вазирлари Кенгаши 1996 йил 19 январь куни ташкил этилган. Ички ишлар вазирлари Кенгашининг асосий фаолияти, зарур ҳолларда йилига бир маротабадан йиғилиб, қатор қарор, баёнот, мурожаат ва тавсиялар қабул қилинади ҳамда идоралараро тусдаги кўп томонлама келишувлар имзоланади.
Йиғилиш якунлари баённомалар билан расмийлаштирилади.
















