Рамазон ойида муборак бир кеча борки, Аллоҳ таоло ўз каломида унинг минг ойдан ҳам афзал эканлиги ҳақида марҳамат қилган. Яъни, ким ўша кечани ибодат билан ўтказса, бошқа пайтда минг ой ибодат қилгандан кўп савобга эришади. Бу – Қадр кечасидир.

Фото: Mehrob.uz

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Рамазон ойи келганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким ундаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, маҳрум қилинади”, дедилар (Имом Насаий).

Бу куннинг фазилати, унинг барокоти ва яхшиликлари, унда қилинадиган ибодатлар, дуолар ва хайрли амаллар ҳақида тўхталиб ўтсак.

Фото: Mehrob.uz

Уни қайси кунлардан излаш керак?

“Лайлатул-қадр” сўзининг маъноси “белгилаш, ўлчаш кечаси”, яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради. Қадр кечаси Рамазоннинг сўнгги ўн кунлигида яширинган, уни ўша кунларнинг тоқ кунларидан излаган афзал дейилади.

Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигидадир. Ким унда имон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, албатта, Аллоҳ аввалгию кейинги гуноҳларини кечиради. У тоқ кечада бўлади. Тўққизинчи ёки еттинчи ёки бешинчи ёки учинчи ёки охирги кеча қадр кечасидир”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти). 

Бошқа бир ҳадисда айтилади:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларида изланглар”, дедилар”. Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.

Кўпчилик уламолар наздида Лайлатул Қадр кечаси Рамазоннинг 26-кунидан 27-кунига ўтар кечасидир.