Россия ва Ўзбекистон миллий лойиҳаларни амалга ошириш борасида ҳамкорлик қилади, деди Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин Россия бош вазири Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида.

"Ўзбекистон миллий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича биз ҳамкорлик қилаётган етакчи мамлакат. Бугун мен имзолайдиган ҳужжатлардан бири “меҳнат самарадорлиги” миллий йўналиши бўйича ҳамкорлик дастури бўлади", - деди вазир.

Орешкин йил охирига қадар қолган миллий лойиҳалар бўйича ҳам ҳамкорлик фаоллашишига умид билдирди.

"Биз мазкур ишнинг барча босқичлари – мақсадли кўрсаткичларни ишлаб чиқишдан бошлаб бошқарув тизимини йўлга қўйиш, бу лойиҳаларни Россия ҳамда Ўзбекистон ҳудудида амалга ошириш бўйича ҳамкорларимиз билан бўлишишга тайёрмиз. Биз комплекс лойиҳани ишга туширмоқдамиз. Йил охиригача Ўзбекистон билан барча миллий лойиҳалар бўйича силжиш бўлади", - деди у.

Товар айирбошлаш
Орешкин Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2019 йилда 5,5 млрд долларга етишини кутаётганлигини айтди. 

"Биз бир тарафдан, икки томонлама савдо, Ўзбекистондан импорт қилишни оширишга интиляпмиз. Бошқа тарафдан, Ўзбекистонга Россия ускуналарини етказиб бериш бўйича лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Чунки бу ерда гидроэлектростанциялар, иссиқлик станциялари ва мелиорация тизимини модернизация қилишга эҳтиёж бор – Ўзбекистонда кейинги ўн йиллар давомида амалга оширилмаган ишлар натижасида кўп нарсалар қониқарсиз ҳолатга келиб қолган", - деди Орешкин.

Унинг фикрича, эскирган тизимларни Россияда ишлаб чиқарилган замонавий жиҳозлар билан алмаштириш Ўзбекистон иқтисодиётига ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имконини беради.

Орешкин Россия билан бош вазирлар даражасидаги қўшма комиссиялар мавжуд давлатлар атиги бир нечта эканлигини таъкидлади. Бундай комиссиялар фақат Франция, Хитой ва Ўзбекистон билангина ташкил этилган.

"Ўзбекистон тез кўпаяётган аҳолига эга бўлган тез ўсиб бораётган иқтисодиётдир. Ҳисоб-китобларимизга кўра, маълум вақтдан сўнг Ўзбекистон постсовет мамлакатлари орасида иқтисодиёти жиҳатидан Россиядан кейинги иккинчи давлатга айланиши лозим. Шу боис бу ерда улкан салоҳият, катта ҳажмдаги лойиҳаларни кўрмоқдамиз. Кўрган бўлсангиз, биз шунчаки у ёки бу маҳсулотни сотиш ҳақида эмас, ҳар бир йўналиш: саноат, қишлоқ хўжалиги, фан, таълим, маданият – яъни барча йўналишлар бўйича чуқур ҳамкорлик тўғрисида гапирмоқдамиз", - деди россиялик вазир.

Миграция 
Москва ва Тошкент Ўзбекистон ҳудудида Россия миграцион органлари ваколатхоналарини очиш имкониятини муҳокама қилмоқда.