Ўзбекистон | 13:06 / 01.06.2019
5012
2 дақиқада ўқилади

Жиззах вилоятида тиббиёт кластери ташкил этилади

Фото: ЛБМА ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги биносида «Vamed Engineering GmbH» компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув доирасида компания ва Агентлик ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди. Бу ҳақда ЛБМА ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълумот учун: «Vamed Engineering GmbH» (Германия) компанияси 1982 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда ва дунёнинг 90 мамлакатларида 900 дан ортиқ лойиҳа, шу жумладан, 25 та ДХШ моделларини муваффақиятли амалга оширди. Компания ғоядан бошқарувга қадар лойиҳаларни комплекс амалга оширади, шунингдек, тиббиёт марказлари ходимлари учун тренинглар ўтказади.

Меморандум Жиззах вилоятида республиканинг марказий, ғарбий ва жанубий ҳудудларида яшовчи аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, шунингдек қўшни мамлакатларга тиббий туризмни экспорт қилишга йўналтирилган тиббиёт кластерини лойиҳалаштириш ва қуриш учун техник топшириқни биргаликда ишлаб чиқишни назарда тутади.

Учрашувда Жиззах вилоятидаги тиббиёт ва тиббиёт-туризм кластерлари лойиҳалари бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди, шунингдек лойиҳа бўйича ишларнинг босқичлари белгилаб олинди. Бундан ташқари, «Vamed Engineering GmbH» компанияси вакиллари Европа ва Осиё мамлакатларида муваффақиятли фаолият юритаётган лойиҳаларни намойиш этдилар.

Учрашув натижалари бўйича томонлар лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид