МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси.

Мазкур йиғилиш Ҳамдўстлик давлатлари Ички ишлар вазирлари Кенгашининг 46-учрашуви ҳисобланиб, у анъанавий тарзда қизғин ва конструктив ҳамда ҳамфикрлилик руҳида бўлиб ўтди.
Йиғилишда Озарбойжон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Арманистон Республикаси Полицияси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси ва Туркманистон Ички ишлар вазирликлари делегациялари иштирок этди.

Кенгашнинг бу галгисида Ҳамдўстлик давлатлари ҳудудида Уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли турдаги жиноятчиликка қарши курашишни мувофиқлаштириш бўйича Бюро директори О.Ф.Коновалов, Ижро қўмитаси қошидаги МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари Кенгаши вакили А.Н.Кулешов, Ижро қўмита ўринбосари А.Д.Смагулов, шунингдек МДҲ Антитеррор маркази раҳбари А.П.Новиковлар қатнашдилар.
Айни вақтдаги Ички ишлар вазирлари Кенгаши йиғилишига раислик қилиш вазифаси Озарбойжон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ўтди.
Ички ишлар вазирлари Кенгашида кун тартибига қўйилган 7 банддан иборат кенг қамровли вазифалар кўриб чиқилди.
Биринчи масала “МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирликлари ва Полициясининг ҳамкорлиги ва давлатлараро жиноятчиликка қарши курашиш дастурини амалиётга жорий этишнинг устувор масалалари тўғрисида” номини олди.
Муҳокамалар мобайнида йиғилиш иштирокчилари долзарб масалалар ва Ҳамдўстлик давлатлари Ички ишлар вазирликлари ва Полициясининг истиқболдаги ҳамкорлигини кенгайтириш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Жиноятчиликка қарши курашиш давлатлараро дастури амалиётга жорий қилинишининг, шунингдек ҳамкорликда ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар ва махсус операцияларнинг ижобий натижалари қайд этиб ўтилди.















