Жимжимадор эълонлар

Тарқалган видеога кўра, 2022/23 ўқув йили бошланмасидан олдин Самарқандда «Темурийлар мактаби» номи остидаги ҳарбий хусусий мактаб очилаётгани ва унга қабул бошлангани ҳақида эълонлар ёпиштириб чиқилади. Мактаб манзили дея Самарқанд шаҳри Ҳунармандлар маҳалласи кўрсатилади.

Эълонда мактабга 7–21 ёшдаги йигит-қизларнинг ўқишга қабул қилиниши, ўқувчилар ётоқ ва 3 маҳал овқат, ҳарбий спорт формаси билан таъминланиши ёзиб қўйилган. Шунингдек, ўқувчиларга ҳайдовчилик гувоҳномаси, кириш имтиҳонларида 72 балл қўшиб берилиши ҳам кўрсатилган. Ўқувчиларга рус тили, математика, физика, тарих фанлари ўқитилиб, таэквондо, полигон дала машқлари, сузиш каби машғулотлар билан шуғулланишлари ҳақида ваъдалар берилган.

Бу ваъдалар кўплаб ота-оналарни қизиқтириб, республиканинг турли вилоятларидан ота-оналар фарзандларини мактабга ёздириб қўйишади. Ўқув йили сентябрда бошланишига қарамай, фирибгарлар мактабда таъмирлаш кетаётганини айтиб, алдаб келишган.

Мактаб ҳам, раҳбар ҳам йўқолиб қолган

Маълум бўлишича, ота-оналардан фарзандлари ҳарбий мактабда ўқиши учун 2 ой давомида пул йиғиб келинган.

Мактабга ўғлини ўқитиш учун тўлов қилган она Дилдора Абдувоҳидованинг айтишича, у мактаб учун 1 миллион 230 минг сўм пул берган.

«Қўлимда чеки ҳам турибди. Бу қонуний ёки йўқлигини билмайман. Улар менга мактабда ўша пайтда таъмирлаш кетаётгани, 3 октябрдан мактаб очилишини айтишган. Биз ҳаммамиз кутдик. Болаларимиз мактабга бормади. Уйда ўтириб, таълимдан қолди», — дейди аёл.

Яна бир ота боласини Навоийдан кўрпа-тўшаги билан олиб келганини айтади.

«Бизни соат 3га чақиришган. Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Жиззах ва Сирдарёдан одамлар келиб кутиб туришибди», — деган ота.

Ота-оналарнинг айтишича, ваъда қилинган ўқув йили бошланадиган кун ҳарбий мактаб учун очилган Telegram гуруҳи кийим-кечак гуруҳига айланиб қолган.

«Бизга берган телефон рақамлари ҳам ўчирилган кўрсатяпти», — дейди аёллардан бири.

Фирибгарлар аниқланган

Самарқанд вилоят ИИБ фирибгарлар ким экани аниқланганини маълум қилиб, жабрланганлар Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига мурожаат қилишлари мумкинлигини билдирган.