Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Махсус мусиқий техник ускуналар билан жиҳозланган “Автоклуб” фаолиятини ташкил этиш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Андижон ва Навоий вилоятларида тажриба лойиҳаси сифатида қўлланган махсус мусиқий техник ускуналар билан жиҳозланган “Автоклуб”лар томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборот маълумот учун келтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамиятининг Қорақалпоғистон Республикаси вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Автоклуб” маданий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш бўйича таклифига розилик берилиши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар (Андижон ва Навоий вилоятларидан ташқари) ва Тошкент шаҳрига 1 донадан Isuzu SAZ NP 26 махсус мусиқий техник ускуналар билан жиҳозланган 12 та “Автоклуб” транспорт воситалари ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги махсус мусиқий техник ускуналар билан жиҳозланган “Автоклуб” транспорт воситаларини харид қилиш учун республика бюджети ҳисобидан маблағлар ажратилишини таъминлайди.

“Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти таркибига кирувчи “Сам Авто” МЧЖ 12 дона Isuzu SAZ NP 26 русумли автобусларга ўрнатилган тартибда шартнома тузиш ва молиялаштирилгандан сўнг, ишлаб чиқариб етказиб беришни таъминлайди.

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети Маданият вазирлиги томонидан тақдим этилган техник топшириқлар асосида транспорт воситаларини замон талабларига мос равишда жиҳозлаш ишларини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

махсус техник ускуналар билан жиҳозланган “Автоклуб” транспорт воситаларини жойларга етказишни таъминлайди.

“Автоклуб” фаолиятини тартибга солувчи низомни ишлаб чиқиб тасдиқлайди ҳамда ўрнатилган тартибда Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказади.