Саудия Арабистони ва бир қатор давлатларда 4 июнь куни Рамазон ҳайити деб эълон қилингач, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Нуриймон Абулҳасан Kun.uz ўқувчиларига бу борадаги фикрларини тақдим этди.
«Бугун биз рўза тутамиз. Чунки бизнинг минтақамиздан ғарброқда жойлашган араб давлатларига ой кўринган бўлиши мумкин. Чунки Янги ҳилол Ғарб томондан кўриниб бошлайди. Аммо мусулмон давлатларнинг 70 фоизида ҳайит 5 июнь куни бўлади.
Бу борада Саудия Арабистонига эргашиш вожиб амал эмас. Чунки ҳар бир мамлакат ўз ҳудудида Ойнинг кўринишини кузатиши керак. Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг «Ҳилолга қараб рўза тутинглар, ҳилолга қараб очинглар», деган ҳадисига амал қилинади. «Маккага қараб тутинглар ёки очинглар», деган буйруқ йўқ.
Мана шундай ҳолатдан фойдаланиб, ўзбекистонлик мусулмонларнинг орасига фитна солишга уринаётганлар топилади. Ундай фитналарга учмаслигимиз керак. Бу борада фатвони диний идора чиқарган. Ўзбекистон мусулмонлари ўзини ҳурмат қиладиган бўлса — Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг раиси муфтий ҳазратларининг фатвосига бўйсуниши вожиб ҳисобланади.
Қолаверса, бизда азалдан фалакиётшунослик фани тараққий этган. Осмон жисмларини кузатувчи обсерваторияларимиз фаолият кўрсатмоқда. Бу жойда янги ойнинг туғилиш фазасини ҳисоб-китоб қилиш ва кузатишнинг техник имконияти борлигига ишонган ҳолда, ён атрофимиздаги давлатлар ҳам бизга иқтидо қилишган», — деди Нуриймон Абулҳасан.
Осмонда ойни кузатиб, ҳижрий-қамарий ойларнинг бошланиш кунини белгилаш билан шуғулланувчи moonsighting.com сайтида 2 июнь куни тонгда Индонезияда туширилган Ойнинг фотосурати келтирилган.

Суратдан кўриниб турибдики, ҳали Рамазон ойининг эски ҳилоли тўлиқ тугамаган. Бир кун (3 июнь) давомида янги ой туғилиб, кейин (4 июнь куни) Шаввол ойининг ҳилоли кўриниш беради.
Шу сайтда 3 июнь куни ойнинг кўриниш харитаси ҳам келтирилган.

Харитага кўра, 3 июнь куни шомда Евроосиё материги ва Африкада янги ҳилол кўриниш бермаслиги керак бўлган. Сайт ходимлари ҳам янги ой кўринмагани ва унинг кўриниши кутишаётганини ёзишган.
4 июнь куни ой кўплаб минтақаларда қуролланмаган кўз билан ҳам яққол кўзга ташланиши тасвирланган.

















