Қирғизистоннинг Чуй вилояти Сокулук тумани Орок қишлоғида ҳайит намози вақтида юз берган муштлашув туфайли жиддий можаро содир бўлди. Бу ҳақда Akipress хабар қилмоқда.

Милиция маълумотига кўра, эрталаб ёш йигитлар - қирғиз ва турклар ўртасида муштлашув юз берган, биринчиси касалхонага тушган. Муштлашувдан сўнг, маҳаллий аҳоли йиғилиб, йигитларнинг оилаларини кўчириб юборишни талаб қилди.

Орок қишлоғида шундан кейин юз берган тартибсизликлар пайтида маҳаллий аҳоли турклар яшайдиган уйларга ҳужум қила бошлаган. Хусусан, хўжалик иншоотлари ёқиб юборилган, уйлар деразалари синдирилган, автомашиналар ойналари уриб туширилган.

Қишлоқда юзага келган можарода юздан ортиқ фуқаро иштирок этган. Милиция уларни қўлга олишни бошлаган.

Чуй вилояти ИИББ матбуот хизмати ходими Назира Имангазиева хабарига кўра, Орок қишлоғидаги можаро натижасида 25-30 киши қўлга олинган.

 

Унинг эслатишича, ҳайит намоз вақтида уч нафар йигит ўртасида можаро юз берган.

«Натижада икки киши бир йигитни дўппослаган. У шифохонага олиб кетилди. Унинг ҳолати барқарор, деб баҳоланмоқда. Можарода қатнашган икки шахс ушланди», - деди Имангазиева.