8 октябр куни Бишкекнинг Первомайский район суди Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг ўғли Кадирбек Атамбаевни оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўриш иши бўйича айбдор деб топиб, мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 4 йилга озодликдан маҳрум этди.

Иш доирасида Социал-демократлар партияси етакчиси Темирлан Султанбеков эса 7 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бунда унга нисбатан сайловчиларни сотиб олиш иши бўйича чиқарилган олдинги ҳукм ҳам ҳисобга олинган.

Собиқ депутат Эрмек Эрматов жиноятда яширишда айбдор деб топилган ва унга бир йиллик пробация (озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо) қўлланиб, шартли равишда озод этилган.

Яна бир собиқ депутат Кубаничбек Кадиров эса оқланган.

Қозоғистон фуқароси Серикбай Қоплонбек бир йил-у тўққиз ой муддатга озодликдан маҳрум этилди, бироқ қамоқда сақлаш даврида бу муддатни ўтаб бўлгани туфайли озод этилди. У Қирғизистон ҳудудидан чиқариб юборилади.

Яна бир фигурант, Қирғизистон ва Қозоғистон фуқаролигига эга бўлган Абдурахим Абдрахманов ҳокимиятни босиб олишга тайёргарлик кўришга даъватчи деб топилди. Унга мол-мулки мусодара қилиниб, икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, бироқ бошқа ишлар бўйича ҳукмларни ҳисобга олган ҳолда, умумий жазо муддати 8 йилни ташкил этди.

Суд жараёни ёпиқ режимда ўтказилган.

Фигурантлар нимада айбланганди?

Фото: azattyqasia.org
Ермек Эрматов, Кадирбек Атамбаев ва Темирлан Султанбеков. 2026 йил 15 январ. Первомайский район суди.

2025 йил 24 ноябр куни, 30 ноябрга белгиланган парламент сайловлари арафасида Қирғизистон ИИВ Кадирбек Атамбаев ва унинг тарафдорлари қўлга олингани ҳақида хабар берганди. Уларга нисбатан «Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш» моддаси бўйича айблов эълон қилинганди. Тинтувлар давомида «қурол-яроғ, ўқ-дорилар, гранаталар, алоқа воситалари, молиялаштириш ҳужжатлари, ҳаракатлар режалари, гиёҳванд моддалар, шунингдек, 150 минг доллар миқдоридаги пул маблағлари мусодара қилингани» айтилганди.

Ички ишлар вазирлиги баёнотига кўра, ҳибсга олинганларнинг барчаси «республика парламентига сайлов натижалари сарҳисоб қилингандан сўнг оммавий норозилик кўринишини яратишга интилиб, бир қатор митинглар ўтказишни» режалаштирган. Хусусан, идора версиясига кўра, қўлга олинганлар «конституцияга зид талаблар» қўйиш ва «маъмурий бинолар, телеканаллар, куч тузилмалари объектлари, қурол-яроғ ва жазони ижро этиш муассасаларини эгаллаб олишга уриниш»ни амалга оширмоқчи бўлган. Ушбу ҳаракатларни «жиноий унсурлар» – уюшган жиноий гуруҳлар ва спорт ҳамжамиятлари куч билан қўллаб-қувватлаши кўзда тутилганди.