Шимолий Африкада жойлашган Судан давлати доим нотинчлик ўчоғи бўлиб келган. Қизил денгиз бўйидаги 41 миллиондан кўпроқ аҳолиси бўлган Судан ҳозир ҳар қачонгидан кўра нотинч. 30 йилдан ортиқ мамлакатни бошқарган Умар ал-Баширнинг тахтдан ағдарилиши Суданда хаос бошланишига сабаб бўлди.

Судан шифокорлар қўмитаси маълумотига кўра, шу кунларда Нил дарёсидан 40 жасад топилган. Мамлакат ўртасидан оқиб ўтувчи Нилнинг пойтахт Хартумдаги қисмидан топилган жасадлар намойишларга чиққан мухолифатчиларнинг жасадлари экани айтилмоқда. Шифокорлар қўмитаси мамлакатда икки кунда 100 нафар одам ўлдирилганини маълум қилди: «Нил дарёсидан 40  жасад олиб чиқилганини афсус билан маълум қилмоқчимиз. Улар «Жанжавид» (араблар бошқарувидаги ҳарбий куч. Унинг маъноси «от устидаги жин» дегани) кучлари томонидан номаълум томонга олиб кетилди»,- деб ёзилади Судан шифокорлар қўмитасининг фейсбукдаги саҳифасида.

Ҳаага суди Баширни қўлга олиш учун ордер берганди
STR/GETTY IMAGES

Умар ал-Башир тахтдан ағдарилгач, мухолифат вакиллари ҳокимият фуқароларга берилишини талаб қила бошлади. Айни дамда Суданда ҳокимият Ҳарбий кенгаш номини олган ҳарбий элита қўлида ва улар мухолифатчиларга ўт очишни бошлаб юборган. Пойтахтда палаткаларда яшаб юрган мухолифат вакиллари тинч намойишларда қатнашаётган бўлган, 3 июнь куни ҳарбийлар уларга қарата ўқ узган.

Ҳарбий кенгаш вакиллари қурол мухолифатга эмас, уларнинг орасига кириб олган жиноятчиларга қарши ишлатилгани иддао этмоқда. Суданни тўлиқ қўлга олишга интилаётган Ҳарбий кенгаш мухолифатни музокаралар столига чақирган, лекин Хартумга музокаралар учун борган мухолифат етакчиларидан бири қўлга олинган.

БМТ 2003 йилдаёқ «Жанжавид», яъни бугун «Тезкор кучлар» деб айтилаётган ҳарбий ташкилотнинг хавфли эканидан огоҳлантирган. Бу ташкилот аъзолари 2003 йилда этник можаро вақтида ўта шафқатсизлиги билан ёдда қолган.

Судан пойтахти Хартумда фуқаролар кўчага чиқишдан қўрқишмоқда. Судан разведкасининг шахсини ошкор қилмасликни сўраган собиқ ходимининг айтишича, жасадлари Нил дарёсидан топилган одамлар ҳукумат тарафдорлари бўлган кучлар томонидан ўлдирилган.

«Бу қирғин эди», дея собиқ разведкачининг сўзларини келтирмоқда Британиядаги 4-канал журналисти Юсра Элбагир.

Судандаги қўзғалонлар ҳақида гапирганда Саудия Арабистони номи кўп тилга олинмоқда. Саудия билан Суданни фақат Қизил денгиз ажратиб туради. Денгиздан ўтгач, илк шаҳар Макка ва шу боис Судандаги ҳолат Саудия учун жуда муҳим. Саудия ҳукумати охирги кунлардаги нотинчликлар юзасидан баёнот берди: «Қироллик ўзига дўст ҳисоблайдиган Судан фуқароларининг тинчлиги учун мамлакатдаги турли кучларнинг ўзаро музокаралари муҳим деб ҳисоблайди»,- дейилади айнан нимага ишора қилингани мужмал кўринган баёнотда.